Украинанинг собиқ прокурори Байденни коррупцияда айблади

Олам

image

Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Шокин АҚШ Президенти Жо Байденни коррупцияда айблади. Бу ҳақда у кеча, 25 август куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг айтишича, 2016 йилда Байден АҚШ вице-президенти лавозимида бўлган пайтида Киевга кредит ажратилишини тўсиб қўйиш таҳдиди билан Шокинни истеъфога чиқишини сўраган.

“Мен тасдиқланмаган фактларни айтмоқчи эмасман, лекин менинг шахсий фикримча, ҳа, улар пора олгани ҳақиқат эди. Гап шундаки, Жо Байден мени ишдан бўшатиш учун 1 миллиард доллар тўлаган. Шунинг ўзи коррупция эмасми?” дейди Шокин.

Шокин иши

Виктор Шокин 2015 йилнинг февралидан, 2016 йилнинг апрелигача Украина Бош прокурори лавозимида ишлаган. Ўз лавозимини тарк этганидан сўнг, Шокин ўзининг ишдан бўшатилиши ноқонуний ва Украина раҳбариятига ташқи босим остида бўлганини айтган. Шу асосда Шокин Байденга нисбатан Украина ҳуқуқ-тартибот идораси ходими фаолиятига аралашиш бўйича иш очиш илтимоси билан Давлат тергов бюросига мурожаат қилган. Мазкур иш эса 2020 йил сентябрь ойида ёпилган.

2014 йилда Хантер Байден Украинанинг Burisma газ компанияси бошқарувига қўшилган. Шокин Украина Бош прокуратураси бошлиғи бўлиб ишлаган вақтида Burisma’га қарши учта иш тергов қилина бошлаган. Шокин истеъфога чиққанидан сўнг, бу терговлар тугатилган ёки коррупцияга қарши кураш миллий бюросига ўтказилган. Burisma иши бўйича тергов олиб борган собиқ прокурор Константин Кулик шу йилнинг июнь ойида бу ишда дастлаб Хантер Байден компаниялари иштирок этгани, бироқ улар охир-оқибат ғойиб бўлганини айтган.

2018 йил январида Жо Байден Халқаро алоқалар бўйича Америка кенгашида нутқ сўзлаб, АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган вақтида ўша пайтда Украина президенти бўлган Пётр Порошенкодан Шокинни ишдан бўшатишни талаб қилганини тан олган. Шу билан бирга, Байден бош прокурор ишдан бўшатилмаса, АҚШнинг Украинага 1 миллиард доллар кредит олиши бўйича кафолатларини блоклаш билан таҳдид қилган. АҚШнинг собиқ вице-президенти Шокин унинг босими остида ишдан бўшатилганини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг