Украинанинг собиқ Мудофаа вазири “Харьков келишуви” бўйича давлатга хиёнатда айбланяпти

Олам 5240
image
-

Украина Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Михаил Ежель 2010 йил апрелдаги “Харьков келишувлари” имзоланиши ва Қримнинг аннексия қилинишида Россия Федерациясининг ёрдамини маъқуллагани муносабати билан давлатга хиёнатда айбланган. Бу ҳақда кеча, 8 август куни Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) хабар берди.

Собиқ вазир бир гуруҳ шахслар билан  олдиндан келишув асосида давлатга хиёнат қилишда (Украина Жиноят кодексининг 28-моддаси 2-қисми, 111-моддаси 1-қисми) гумон қилинмоқда. Жиноий иш Украина Бош прокуратурасининг процессуал раҳбарлиги остида амалга оширилади.

ДТБнинг маълум қилишича, бир вақтлар Украина Ҳарбий-денгиз флотининг бош қўмондони бўлган адмирал Киев ва Москва ўртасида Россия Федерациясининг Қора денгиз флоти (ҚДФ) Укаина ҳудудида бўлиши тўғрисидаги келишувни амалга ошириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тўпламини келишиб олган.

Шу билан бирга, баёнотда таъкидланишича, Михаил Ежель 2010 йил 21 апрелда Украина Вазирлар Маҳкамасининг келишув лойиҳалари муҳокама қилинган йиғилишида қатнашмасдан, шунингдек, уларнинг конституция ва мамлакат қонунларига мувофиқлигини мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан туриб, ҳужжатлар лойиҳаларини келишиб олган.

Давлат тергов бюроси Россия Қора денгиз флотининг Украинада бўлиши ва унинг модернизацияси 2014 йилда Қрим ва Севастополнинг аннексия қилинишига ҳисса қўшган, деб ҳисоблайди.

2022 йил июлида Виктор Янукович Президентлиги даврида Украина Адлия вазири бўлиб ишлаган Александр Лавринович ва худди шу даврда Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган Константин Гришченко давлатга хиёнатда айбланган эди. Айбловлар “Харьков келишувлари”нинг имзоланиши билан ҳам боғлиқ.

2021 йилда қидирувда бўлган Виктор Янукович ва собиқ Бош вазир Николай Азаров давлатга хиёнат қилишда гумонланаётгани эълон қилинди.

2010 йил 21 апрелда Харьковда Янукович Украина номидан Киев ва Москва ўртасида Россия Қора денгиз флотининг Севастополда қолиш муддатини 25 йилга узайтирган келишувни имзолаган. Келишувлар доирасида Украина учун Россия газининг нархи ҳам пасайтирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 123
Рейтинг: 3.1
t
×