Украинанинг собиқ бош разведкачиси Зеленскийни судга бермоқчи
Олам
−
27 Ноябрь 2021
5414Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси собиқ раҳбари Василий Бурба Президент Владимир Зеленский устидан судга мурожаат қилишини айтди. У ўзининг ишдан бўшатилиш сабаблари ҳақидаги баёнотлардан сўнг шундай қарорга келган.
Таъкидланишича, Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 26 ноябрь куни Василий Бурбага бўлган ишончига путур етказган бир қатор эпизодларни айтиб ўтган. У Василий Бурба 2020 йилнинг ёзида Минскда 33 россиялик ҳибсга олингани сабабли Киевни Туркия билан уруштирмоқчи бўлганини айтган. Шунингдек, Президент Бурбани авантюрист ва фирибгарликда айбламоқда.
Унинг сўзларига кўра, Бурба гўёки COVID-19 нинг келиб чиқиши ва ҳаттоки вакцина формуласи ҳақида маълумот олиб келган, Зеленский бу маълумотни шифокорларга етказган ва улар буни “нолга тенг” дейишган.
“Президентнинг менга қаратилган сўзларини эътиборсиз қолдира олмайман... Шунинг учун мен эртадан судга мурожаат қилишим керак ва суд бу масалага чек қўйсин”, деган Бурба.
У Президентнинг сўзларига жавоб қайтарган, хусусан, COVID-19 ҳақидаги маълумотга изоҳ бериб, буни эшитиб ҳайрон қолганини айтган ва ўзи ҳам эмланганини қўшимча қилган.
Бурба, шунингдек Зеленскийнинг бошқа сўзларига изоҳ бериб, у давлат дачасида яшаганини ва у ерни “11 миллионга” эмас, балки ўз пулига таъмирлаганини ҳамда Майдан ишларида ҳам сўроқ қилинганини, аммо унга қарши ҳеч қандай айблов қўйилмаганини айтган.
LiveБарчаси