Украинанинг НАТОга кириши учинчи жаҳон уруши бошланишини англатади – Байден

Олам

image

Украина ўз ҳудудидаги жанглар пайтида Шимолий Атлантика иттифоқига кириши учинчи жаҳон урушининг бошланишини англатади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Хельсинкида финляндиялик мавқедоши Саули Ниинистё билан қўшма матбуот анжуманида сўзлаб берди. 

“Уруш давом этаётганда, НАТО давлатига ҳужум қилинганда ҳеч ким НАТОга қўшила олмайди. Чунки бу бизни уруш ҳолатида, учинчи жаҳон урушида бўлишимизни кафолатлайди”, дейди Вашингтон маъмурияти раҳбари. 

Америка етакчисининг сўзларига кўра, “гап уларнинг [альянсга] қўшилиш ёки қўшилмаслигида эмас”.  

“Гап улар қачон аъзо бўлишлари ҳақида. Ва улар НАТОга қўшилишади”, дея қўшимча қилди Президент. 

Украинанинг НАТОга кириши Россия Президенти Владимирга Путиннинг урушни давом эттиришига тўсқинлик қила олмайдими деган саволга Байден қуйидагича жавоб берган: 

“Путин аллақачон урушда мағлуб бўлган. Путинда ҳақиқий муаммо бор. У қандай давом этиши керак? У нима қилиши керак?”

Унинг фикрича, агар Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқса, можаро “эртага тугаши мумкин”.

“Аммо охир-оқибат қандай келишувга эришилиши Путинга ва у нима қилишга қарор қилишига боғлиқ. Лекин Украинадаги урушда унинг ғалаба қозонишининг имкони йўқ. У бу урушда аллақачон мағлуб бўлган”, дейди Америка Президенти. 

Маълумот учун, 11 июль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг блок мамлакатлари Украинанинг аъзо бўлиш бўйича ҳаракат режасини бекор қилишга қарор қилганини эълон қилган ва барча шартлар бажарилганда Киевни иттифоққа таклиф қилишга ваъда берган. Унга кўра, Украинанинг кириши шартларини альянсга аъзо давлатлар баҳолайди. Шартлар ҳақида гапирар экан, Столтенберг Украина мудофаа ва хавфсизлик институтларини модернизация ва ислоҳ қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у НАТО мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш жараёнида ҳеч қачон муддат белгиламаслигини айтган. 

Бундан ташқари, Столенберг альянс Украинада уруш давом этар экан, унинг иттифоққа қўшилиши мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Жо Байден Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг