Украиналик қочқинлар Европада уруш тугаганидан кейин ҳам қолиши мумкин – Еврокомиссия
Олам
−
26 Ноябрь 2022
5317Еврокомиссия (ЕК) вице-президенти, демократия ва демография учун масъул Дубравка Шуйца украиналик қочқинлар уруш тугаганидан кейин ҳам узоқ йиллар Европада қолиши ва қочқинларни қабул қилаётган мамлакатлар бунга тайёр бўлиши керак, деган фикрни билдирди. У бу ҳақда Германиянинг RND нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Муаммо шундаки, қочқин оилалар уруш тугаган куннинг эртасигаёқ уйга қайтамиз, деб ўйлаяпти. Аслида эса ҳаммаси бошқачароқ. Сабаби уларнинг уйлари, мактаблари ва иш жойлари вайрон бўлган”, дейди Шуйца.
Шунга қарамай, Еврокомиссия мулозими Европа мамлакатларини “чарчоқ аломатларини кўрсатмаслик”ка чақирди.
“Биз Европа Иттифоқи ва аъзо мамлакатлар миқёсида чоралар кўришимиз керак. Қочқинга айланган украиналик болалар бу ерни ўз уйларидек ҳис қилишлари лозим”, дейди сиёсатчи.
Қолаверса, Еврокомиссия украиналик қочқинлар оқими мезбон давлат фуқароларига ноқулайликлар туғдираётганини тан олган.
“Биз болалар боғчалари ва мактаблардаги рақамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, стандартларимиз тушиб кетгани рост. Энди синфда 15 ёки 20 та эмас, балки 35 та бола бор. Мен собиқ ўқитувчи сифатида бу муаммо эканини биламан. Аммо биз бирдам бўлишимиз керак, акс ҳолда одамлар ўз стандартларига қайтишни хоҳлашади. Аммо шундай стандартлар борки, уларни уруш тугагунига қадар тиклаб бўлмайди”, деб қўшимча қилди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Украинадан 7,9 миллионга яқин одам қочган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.
Маълумот ўрнида, Дубравка Шуйца эса Европа Комиссиясининг тўртта вице-президентидан бири ҳисобланади.
LiveБарчаси