Украинага ракета ҳужуми қурбонлари ортяпти

Олам

image

Россиянинг бугун, 10 октябрь куни Украинага амалга оширган йирик ракета ҳужуми оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди ва 60 га яқин киши жароҳатланди. Бу ҳақда миллий телемарафон эфирида Украина Миллий полицияси матбуот котиби Маряна Рева маълум қилди. 

"Агар биз бутун Украина ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Киевдан ташқари, мамлакатнинг яна 14 минтақасида ҳужумлар қайд этилган. Умуман олганда, Россиянинг ракета зарбалари оқибатида ҳозирча Украина бўйлаб 10  нафар қурбон ва 60 га яқин яраланганлар бор”, дейди Рева. 

Миллий полиция матбуот котибининг маълум қилишича, полиция ходимлари одамларга ёрдам бериш ва Россия Федерацияси ҳарбий жиноятларининг барча оқибатларини қайд этиш учун жойларда ишламоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари имкон қадар одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча ишни қилмоқда. 

“Шу билан бирга, биз барча фуқароларга мурожаат қиламиз: ҳаво ҳужуми сигналларини эътиборсиз қолдирманг. Бугун эрталаб ҳукумат берган барча тавсиялар ва тартиб-интизомга риоя қилиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. Шунинг учун биринчи ҳаво ҳужуми сигнализациясида сиз бошпанага тушинг, чунки бу сизнинг ҳаётингиз ва соғлигингиз масаласидир”, дея қўшимча қилди Рева. 

Полициячининг таъкидлашича, бугун эрталаб Россия ҳақиқатан ҳам террорчи давлат эканлигини тасдиқлади. 

“Чунки бу оммавий ҳужумларнинг барчаси тинч аҳолига, муҳим инфратузилма объектларига қарши қаратилган. Айрим аҳоли пунктларида электр таъминоти йўқ. Биз шундай оғир совуқ даврда Россия Украинанинг тинч аҳолиси ҳаётини йўқ қилиш учун ҳамма нарсани қилаётганини кўриб турибмиз”, дея хулоса қилди Рева.  

Украинага ракета ҳужуми

Россия босқинчилари 10 октябрь куни эрталаб Украина шаҳарларини оммавий ўққа тутди. Ракета ҳужумлари Киев, Винница, Львов, Кировоград, Николаев, Тернопил, Житомир ва бошқа вилоятларнинг марказида қайд этилган. 

Россия Президенти Владимир Путин Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилмаларга зарба берилганини тан олди. У Украинага янги зарбалар билан таҳдид қилди, аслида Украина шаҳарларининг эрталабки террори Қрим кўпригининг портлатилиши билан боғлиқлигини айтди.

Маълумки, Украинага юқори аниқликдаги ракеталар билан ҳужум қилинган. Хусусан, Х101 ва Х555 ракеталари Каспий минтақасидаги стратегик бомбардимончи самолётлардан учирилган. Қора денгиздан "Калибр", "Искандер", "С-300" ва "Торнадо" ракеталари ҳам қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг