Азага келган ўз дардини айтиб йиғлар. Европа уруш чангалидаги Украина донини қутқармоқчи

Таҳлил

image

Еврокомиссия Россиянинг Қора денгиздаги портларни блокада қилиши шароитида Украинага дон экспорт қилиш ҳамда ёқилғи импорт қилишда ёрдам бериши керак бўлган ҳаракатлар режасини таклиф қилди.

Украина кунгабоқар ёғи, арпа, маккажўхори ва буғдой каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киради. Бироқ, Россия Украинага бостириб кириши ортидан уни ташишнинг асосий йўлини тўсиб қўйди. Чунки экспортнинг қарийб 90 фоизи Қора денгиздаги портлар орқали ўтарди.

Украина учун ғалла сотиш жуда муҳим, чунки у экспортдан келадиган даромаднинг 20 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, Украина дони бошқа мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам зарур. Уни экспорт қилишга ёрдам бериш учун Европа Комиссияси Украинадан юк ташишга ёрдам берадиган чора-тадбирлар пакетини тасдиқлади. Кеча, 12 май куни уни Брюсселда транспорт бўйича Европа комиссари Адина Валян тақдим этди.

Украина 20 миллион тонна дон экспорт қилиши керак

Европа комиссарининг айтишича, ҳозир Украинада 40 миллион тоннага яқин дон сақланмоқда, уларнинг ярми июль охиригача экспорт қилиниши зарур. Комиссар ўтган ҳафтада 70 минг тонна Украина ғалласи орттилган кема Руминиянинг Констанца шаҳридан жўнаб кетганини мисол қиларкан, уни Руминия портига етказиш учун 49 та баржа ва поезд керак бўлганини таъкидлади.

“Агар ҳаммасини ҳисобласак, 20 миллион тонна донни ташиш учун ҳайратланарли 10 000 баржа ва 300 га яқин йирик кемалар кераклигини кўрамиз. Демак, олдимизда турган вазифа жуда ҳам катта”, дейди Валян.

Европа Иттифоқи ва Украина ўртасидаги транспорт бирдамлик йўлаклари бўйича Европа комиссияси томонидан қабул қилинган режа 20 та чора-тадбирларни ўз ичига олади.

“Европа комиссияси Европа Иттифоқи транспорт операторлари ёки Украина дон сотувчилари ўрнини боса олмайди, лекин биз қила оладиган нарса биринчисини иккинчиси билан боғлаш ва Украина чегаралари ҳамда Европа Иттифоқи портлари ўртасида янги алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беришдир”, дейди транспорт бўйича Европа комиссари.

Режанинг чора-тадбирларидан бири шундаки, Европа Комиссияси Украина вазирликлари, бошқа органлари ҳамда экспортчиларни транспорт компаниялари билан боғланишлари мумкин бўлган платформа яратиш устида ишламоқда. Ва ҳар бир Европа Иттифоқи давлатига логистика муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланадиган алоқа нуқтасини яратиш тавсия этилди.

Украина ва Европа Иттифоқи ўртасидаги транспорт алоқаларидаги муаммолар

Европа Комиссияси, шунингдек, логистика соҳасидаги заиф томонларни, хусусан, темир йўл алоқасидаги қийинчиликларни ҳам баҳолади. Полша ва Руминия билан чегаранинг Украина томонида минглаб вагон донлар кутиб тургани, уларнинг чегарада кутиш вақти ўртача 16 кун, айрим ҳолларда эса бир ойни ташкил қилаётганлигини маълум қилди.

Асосий муаммолардан бири, бу Украина ва Европа темир йўллари ўртасидаги йўл кенглигининг фарқидадир. Шунинг учун, чегара орқали ташишга вагонларни ғилдиракли араваларга алмаштириш ёки Украина вагонларидан Европа вагонларига қайта юклаш лозим. Еврокомиссия маълумотларига кўра, бунинг учун ҳозирги қувват зарур бўлганидан анча кам. Шунинг учун Брюссел расмийлари компаниялардан мобил дон юклагичлар ажратиш ёки ишлаб чиқаришни сўрамоқда. Яна бир вариант – донни контейнерларда ташиш, чунки улар Украина темир йўл платформаларидан Европага кранлар орқали тезда қайта юкланиши мумкин.

Юк машиналари учун кутиш вақти кўпинча 12 соатдан ошади. Бироқ, бу ерда бошқа кўплаб муаммолар мавжуд, масалан, юк машиналари ва ҳайдовчиларнинг етишмаслиги.

Бюрократия ҳам кечикишларга сабаб бўлмоқда. Ҳозирда чегара, хусусан, фитосанитария, текширувлар бир неча кун давом этиши мумкин. Шу сабабли, Европа Комиссияси фақат танлаб назоратни амалга ошириш ва уни соддалаштиришни, шунингдек, буни амалга ошириш учун ҳафтада етти кун туну-кун мавжуд ходимлар билан таъминлашни сўрамоқда.

Ҳаракат режаси халқаро молия институтлари ва кредит агентликларини Европа Иттифоқидан келаётган транспорт компанияларига ўз вагонлари, юк машиналари ёки баржаларини Украинага жўнатишдан қўрқмасликлари учун қўшимча кафолатлар беришга чақиради. Шунингдек, Еврокомиссия Европа Иттифоқи Кенгашидан Киев билан автомобиль транспортини либераллаштириш бўйича келишув тузиш учун мандат кутмоқда.

“Европа комиссияси Украина қишлоқ хўжалиги экспортига устувор аҳамият беришга чақиради”, дейилади ҳаракатлар режасида.

Муқобил йўлларни топиш Украинага гуманитар ёрдам, ёқилғи ёки ўғит етказиб беришга ёрдам беради.

Европа темир йўлининг Украинага кенгайиши

Ушбу фавқулодда чоралар Украинага қанча дон экспорт қилиш имконини беради? Бу ҳақда сўралганида, Валян фақатгина Европа комиссияси ҳисоб-китоб қилганини маълум қилиб, ҳеч қандай рақам келтирмади. Шунингдек, у Украина маҳсулотларини аввал Европа Иттифоқига ташиш ва у ердан Африка, Яқин Шарқ ёки Хитойга жўнатиш қанчалик қимматга тушишини ҳам очиқламади. Аммо у барча имкониятлардан (темир йўллар, автомобиллар ва дарёлар) фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Европа комиссияси, шунингдек, доимий равишда Украинанинг Европа Иттифоқи билан алоқасини яхшилаш бўйича узоқ муддатли чораларни таклиф қилди. Мисол учун, Брюсселда Рейн-Дунай йўлагининг ҳаракатланишини яхшилашни хоҳлашади. ЕИ шунингдек, Европа темир йўлларини Украина ва Молдовага етказиш имкониятини баҳоламоқда. Бундан ташқари, Еврокомиссия Транс-Европа транспорт тармоғи ТEН-Т хариталарини қайта кўриб чиқиш учун Киев билан келишувга розилик берди. Бу Украина ва ЕИ ўртасидаги асосий транспорт йўлакларини ривожлантириши кутилаётган устувор лойиҳалардир.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина дон экспорт

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг