Украинадан эвакуация қилинаётган 3 нафар ўзбекистонлик автоҳалокатга учради. Қурбон бор
3-саҳифа
−
05 Март 2022
14555Украинадан эвакуация қилинаётган уч нафар ўзбекистонлик Польша чегарасида автоҳалокатга учради. Улардан бири вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг уч фуқароси: Ҳакимов Отабек Равшанбек ўғли (2001 йилда туғилган), Хусаинов Беҳзод Жамолиддин ўғли (2001 йилда туғилган) ва Солоҳиддинов Шерзод Шавкат ўғли (2001 йилда туғилган) Польша чегарасига кираверишда автоҳалокатга учраган.
Даҳшатли фожиа оқибатида Отабек Ҳакимов воқеа жойида вафот этган. Қолган икки талаба Львовдаги шаҳар шифохонасига жойлаштирилган.
Алишер Курмановга кўра, Ўзбекистоннинг Киевдаги Элчихонаси зудлик билан элчихона кўнгиллилари гуруҳи вакили, малакали шифокор Темурбек Юсуповни Львовга жўнатган. Унинг Львовга келиши бугун, 5 март куни кутилмоқда.
“Отабек Ҳакимовнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, жабрланган ватандошларнинг барча қариндошлари ва яқинларини ишонтириб айтамизки, Элчихона уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жумладан, дори-дармонлар билан таъминлаш ва Украинанинг етакчи шифокорлари билан маслаҳатлашиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Элчихона О.Ҳакимовнинг жасадини энг тез вақтда ўз Ватанига жўнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
“Шу билан бирга, биз бу масалани ҳал қилиш мамлакатда олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар ва оммавий эвакуация туфайли мураккаблашаётганини тушунишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси