Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси фуқароларни Украинани тарк этишга чақирди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан воз кечишга ҳамда мамлакатни тарк этишга чақирди.

“Украина шаҳарларига ракета ҳужумларининг кучайиши ортидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Украинага келиш ва ушбу давлатда бўлиш юзасидан қилган мурожаатларига жавобан, элчихона яна бир бор ватандошларимизни, зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан чекланишга чақиради.

Бундан ташқари, фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда бутун Украина бўйлаб ракета ва артиллерия зарбаларининг давом этиши эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу мамлакатни тарк этишларини сўраймиз”, дейилади элчихона баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди. 

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 14 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг