Украинадаги урушда ўлган ўзбекларни яшириш сиёсат даражасига чиқди – эксперт
Интервью
−
10 Апрель 2023
19731Аввал хабар берганимиздек, Россия Федерацияси Санкт-Петербург ҳокимияти муҳожирларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қиладиган бўлди. Бу ҳақда губернатор ўринбосари Валерий Пикалёв буйруқ имзолаган ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳам тез орада Санк-Петербург тажрибасини такрорлаши мумкин.
Манбага кўра, ҳокимият вакиллари 15 апрелга қадар шаҳардаги диаспора етакчилари билан хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга жалб қилиш учун учрашув ўтказиши керак.
Бу хабар эълон қилиниши ва оммавий ахборот воситаларида шов-шув кўтарилиши ортидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик муҳожирларни огоҳлантирди.
“Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, деган агентлик.
Хўш, норасмий манбаларга кўра, 3-4 миллион фуқароси айнан Россияда ишловчи Ўзбекистон қачон огоҳлантиришлардан жиддийроқ чораларни амалга оширишга ўтади?
Бугунги кунда Россияда ишлаб келаётган ватандошларнинг аҳволи қандай?
QALAMPIR.UZ мазкур мавзуни миграция бўйича мутахассис, юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан муҳокама қилди ва юқоридаги саволлар юзасидан унинг фикрларини эшитди.
“2017 йилда Россия фуқаролигини олганларни ҳарбий рўйхатда турибдими-йўқми, шуни аниқлаштириш топшириғи берилган. Шу сабабли муҳожирлар ҳам ҳарбий хизматга тарғиб қилинади. Чунки ҳозир Россия қонунчилиги бунга рухсат беради. Россия аслида барчага тенг муносабатда бўлиши керак. Одамларнинг қачон фуқароликни олгани, туғилганидан бошлабми ёки кейинми, 2017 йилдами бунинг фарқи йўқ бўлиши керак. Лекин афсуски, яқинда фуқароликни олганлар худди буни “ҳалоллаб олсин”, деган маънода биринчи навбатда улар жалб этиляпти. Бундан ташқари, бошқа муҳожирларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилиш, тарғиб қилиш масалалари кўзда тутиляпти”, деди мутахассис.
Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, бу тарғибот фронтдаги аҳволнинг яхши эмаслиги, уруш учун одамлар етишмаслиги билан боғлиқ. У ўзининг бу фикрини далиллар экан, Россияда 2022 йилда эълон қилинган сафарбарлик ортидан 300 мингдан ортиқ рус фуқаролари ҳарбий хизматга жалб этилганини эслатди.
“Шу билан бошқа бундай чақирувлар бўлмаслиги расман айтилди. Лекин келаётган маълумотларга кўра, яширин тарзда сафарбарлик давом этмоқда, яъни ҳозирги кунда ҳам Россия ўз фуқароларини урушга жалб этяпти. Натижада кўплаб фуқаролар Россияни ҳали-ҳануз тарк этмоқда. Масалан Ўзбекистоннинг ўзига ҳам 2022 йилнинг 9 ойи давомида 390 мингдан ортиқ россияликлар келган. Ўзбекистондан ташқари яна Туркия ва бошқа мамлакатларга ҳам жуда кўп фуқаролар чиқиб кетган”, дея ўз мулоҳазаларини билдирди Ботиржон Шермуҳаммад.
Бундан ташқари, мутахассис бугунги кунда Россиянинг 1 миллиондан ортиқ армияси борлиги, бироқ, негадир амалдаги армия урушга жалб этилмаётгани ва фақат кучсиз, етарли тажриба ва малакага эга бўлмаган фуқаролар урушга жўнатилмоқда ва ҳалок бўлмоқда. Аммо шунда ҳам рус ҳукумати фуқаролар ва муҳожирларни урушга жалб этиш учун “жозибали” ва ўта хавфли таклифларини илгари сурмоқда.
“Келаётган маълумотларга кўра, афсуски, қамоқхоналардан ва хусусий ҳарбий корхоналар орқали жалб этилаётган аскарлар катта миқдорда ва тезлик билан талофот кўрмоқда. Яъни, уларнинг 90% урушга борганининг дастлабки ойидаёқ ҳалок бўлмоқда”, дейди у.
Россиянинг муҳожирларни ҳарбий хизматга жалб этаётгани, айниқса, Ўзбекистон учун жуда ташвишли хабар бўлиб, бу кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Нафақат олиб келади, олиб келяпти ҳам. Мана ҳозирги кунда бир қанча ўзбекистонликларнинг урушдан жасади келган. Бу ижтимоий тармоқларга ҳам чиқди. Шахсан бизга мурожаат қилганлар ҳам бор. Лекин бу яшириляпти ва яшириш ҳукумат сиёсати даражасигача чиқди. Давлат буни расман эълон қилмаяпти, давлат оммавий ахборот воситалари Россия-Украина уруши ҳақида ҳеч нарса демаяпти. Уруш ҳақида етарли маълумотга эга бўлмай фронтга бораётган ва вафот этган ўзбекларнинг яқинларидан интервью олишга, фикрларини билишга қизиққанимизда уларга имкон беришмайди. Маҳаллий ҳукумат органлари, ички ишлар бўлимларидан бориб, уларнинг оғзини ёпишга, ҳеч кимга интервью бермасликка мажбурлаш каби ҳаракатлар бор”, деб тушунтирди миграция мутахассиси.
Ботиржон Шермуҳаммад бир неча бор урушдан ўлиги келган ўзбекларнинг яқинларидан интервью олишга, шу орқали одамларни огоҳликка чақиришга урингани, лекин бу борада тўсиқлар борлиги, имкон йўқ эканини айтиб берди.
Мутахассиснинг мавзуга оид тўлиқ фикрлари билан QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида эълон қилинган видеоинтервью орқали танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси