Россия муҳожирларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилади
Олам
−
06 Апрель 2023
15960Жорий йилнинг 4 апрель куни Санкт-Петербург ҳокимияти муҳожирларни шартнома бўйича ҳарбий хизматга жалб қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда губернатор ўринбосари Валерий Пикалёв имзолаган буйруққа таяниб, “Форпост” хабар берди.
Манбага кўра, ҳокимият вакиллари 15 апрелга қадар шаҳардаги диаспора етакчилари билан хорижий фуқаролар орасида шартнома бўйича ҳарбий хизматни оммалаштиришга жалб қилиш учун учрашув ўтказиши керак. Ушбу буйруқни Санк-Петербург вице-губернаторлари Кирилл Поляков, Борис Пиотровский, Владимир Княгинин ва Николай Линченко қабул қилган.
Ҳужжатга кўра, муҳожирларни Россия армияси билан тузилган шартномаларга қизиқтириш учун амалдорлар хусусий бандлик агентликлари билан ишлашни ташкил этиши керак. Чет элликлар билан ҳамкорлик қиладиган йирик иш берувчилар ҳам ушбу мақсадларга жалб қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, Ғарбий ҳарбий округга ташвиқот ва шартнома бўйича ҳарбий хизматга фуқароларни танлашда ёрдам кўрсатадиган ишчи гуруҳ таркибига миллатлараро муносабатлар қўмитаси вакили ҳам киритилади.
Санк-Петербург вице-губернатори Антолий Повелий ва Санкт-Петербург туманлари раҳбарларига ҳам алоҳида вазифалар юкланган. Улар шу ойнинг ўрталарига қадар ҳарбий комиссарлар билан биргаликда 2017 йилдан 2022 йилгача Россия фуқаролигини олганларнинг ҳарбий рўйхатга олинганини текширишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраганди.
LiveБарчаси