Украинадаги урушда қатнашган яна бир ўзбекистонлик қамалди

3-саҳифа

image
“Бошига қоп кийдириб, олиб кетилган”. Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик жазоланди north_east

“Бошига қоп кийдириб, олиб кетилган”. Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик жазоланди

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Жиззах вилоятида Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди Россия қўшини таркибида Украинага қарши жангларда қатнашган эркак қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, 40 ёшли судланувчи Б.М. ишлаш учун Россияга кетган. Моддий манфаатдорлик сабаб Самара вилоятининг Тольятти туманида жойлашган ҳарбий қисм билан ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома тузиб, 2023 йил 10 июлдан 2024 йил 11 июлгача оддий аскар унвонида Украинанинг вақтинча босиб олинган Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудида Россия Қуролли кучлари сафида қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

Шундан сўнг, Б.М. шахсига оид маълумотларни ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганини яшириш мақсадида Бахмал тумани ИИБ томонидан берилган чет элга чиқиш биометрик паспортининг ички варақларини йиртиб ташлаган. “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида кўрсатилган талабларга зид равишда, ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистон элчихонасига Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш бўйича мурожаат қилмасдан, Россия фуқаролигини олган.

У биринчи ярим йилликда ҳар ой 43 минг 500 рубль, кейинги ярим йилликда эса 210 минг рублдан ойлик маош олган. Ишлаб топган пулларига Калуга вилояти Думиничи туманида 2 хонали хонадон сотиб олган, сўнг 2024 йилнинг июлидан 2025 йил февралигача Москвадаги қурилиш ишларида ишлаган.

Судда у ўзига қўйилган айбловга тўлиқ иқрорлигини айтган. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳақида кўрсатма берган судланувчи бу ишларни оилавий шароити оғирлиги ва пулга муҳтожлиги сабабли қилганини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

У Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Қайд этиш жоиз, бу Россиядаги ўзбекистонлик фуқароларнинг Украинага қарши урушга биринча марта ёлланиши эмас. Украинадаги урушда ўзбекистонликларнинг сони анчагина кўплиги ҳақида тез-тез хабарлар янграб туради. Масалан, олдинроқ Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилганди. Айрим нашрларга кўра, кўплаб соҳаларда бўлгани каби ёлланишда ҳам ўзбекистонликлар биринчилар сафида. Ўзбекистонликлар Россия томонида ҳаракат қилаётганини ҳаттоки Украина раҳбари Владимир Зеленский ҳам тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Россияга ишлаш мақсадида бориб, Украинага қарши жангларда иштирок этгани учун 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Қолаверса, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро Украинага қарши жангларда иштирок этгани ҳамда ўз уйида гиёҳвандлик моддаси етиштиргани учун 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ёлланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг