Украинадаги уруш якунининг 3 та эҳтимолий сценарийси тузилди

Олам

image

Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп ўртасида Украина можаросини ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларини бошлаш тўғрисидаги келишув фонида эҳтимолий сценарийлар шакллана бошлади. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.

Нашр таҳлилчилари Россия ва Украина ўртасидаги дипломатик келишув асосига тушиши мумкин бўлган учта вариантни келтирди:

Биринчи ва энг эҳтимолий сценарий Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар яқин келажакда Россия назорати остида ва “муаллақ ҳолатда” қолишини назарда тутади. Айрим ҳудудлар алмашинуви эҳтимоли ҳам мавжуд, масалан, Украина Қуролли кучлари томонидан эгалланган Курск вилоятининг бир қисми. Украина хавфсизлик бўйича айрим кафолатларга эга бўлади, бироқ уларнинг кучи музокараларнинг мавзусига айланади. Чунки Украинани НАТОга қабул қилиш масаласи кун тартибида эмас, шунинг учун мажбуриятларнинг бажарилиши сиёсатчиларнинг қарорларига боғлиқ бўлади. Европа ўз мудофаа салоҳиятини оширгунга қадар АҚШни бир муддат Киевга ёрдам беришга кўндиришга ҳаракат қилиши мумкин.

Украина учун энг мақбул сценарий – агар Россия келишув шартларини бузса, АҚШ ва Европанинг можарога аралашишга мажбур бўлишини назарда тутади. Аммо Москва билан тўғридан тўғри тўқнашув хавфи Киевнинг энг содиқ тарафдорларини ҳам ташвишга солмоқда. Шу билан бирга, Ғарб Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш, Россияга қарши санкцияларни қайта жорий этиш ёки кучайтириш, Украина саноатини ривожлантириш ва Қуролли кучларни модернизация қилишга кўмаклашиш мажбуриятини олиши мумкин. Бу эса Киевга Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имкониятини яратиши мумкин.

Киев учун энг даҳшатли сценарий эса Трамп ҳали ўт очишни тўхтатишдан олдин Украинага бўлган қизиқишини йўқотиб, ҳарбий ва молиявий ёрдамни тўхтатиши ва муаммони Европа мамлакатларига ҳавола этишини англатади. Бундай ҳолатда битим Украина суверенитетини сақлаб қолган бўлса-да, Россияга катта имтиёзлар беради. Масалан, Москванинг янги ҳудудлар устидан назоратини мустаҳкамлаш ҳамда Украинани НАТОга қўшилиш имкониятидан маҳрум қилиш эҳтимоли мавжуд.

“Bloomberg” ҳисоб-китобларига кўра, Украинага ҳарбий ҳаракатлар оқибатида зарар кўрган бинолар ва инфратузилмани тиклаш учун тахминан 230 миллиард доллар керак бўлади. Бироқ ҳозирда Киевнинг эҳтиёжлари ва унга ваъда қилинган маблағ ўртасида 130 миллиард долларлик етишмовчилик мавжуд. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий тикланиши ва барқарор мавжудлигига таҳдид солмоқда.

“Европанинг йирик давлатлари учун Украинани қўллаб-қувватлаш ва ўз қуролли кучларини мустаҳкамлаш яқин ўн йилликда 3,1 триллион долларга тушиши мумкин”, дея ҳисоблайди нашр таҳлилчилари. 

Украина армиясини тиклаш эса 10 йил давомида тахминан 175 миллиард долларни талаб қилиши мумкин. Бу эса ўт очишни тўхтатиш пайтидаги ҳарбий салоҳият ва назорат қилиниши керак бўлган ҳудудларнинг катталигига боғлиқ бўлади. 40 минг нафар тинчликпарвар ҳарбийларни жойлаштиришга эса шу давр учун тахминан 30 миллиард доллар сарфланиши керак бўлади. “Bloomberg”нинг қайд этишича, бундай улкан ҳарбий харажатлар Европа давлатларини соғлиқни сақлаш, ижтимоий кафолатлар ва таълимни молиялаштириш бўйича мураккаб танловга дуч келтиради.

Нашрнинг Европадаги манбалари Трамп жамоаси аъзоларида Россия билан музокаралар олиб бориш тажрибаси йўқлигидан хавотир билдирган. Шу билан бирга, Россиянинг юқори мартабали амалдорлари АҚШ ва Украина билан ўн йиллаб алоқада бўлиб келган, баъзилари эса махсус хизматлар соҳасида тажрибага эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ етакчиси Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан 1,5 ва 1 соатлик телефон суҳбати ўтказган эди. Дональд Трампга кўра, Зеленский ҳам, Путин ҳам тинчликка эришишни истайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Киев уруш якуни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг