Украинадаги можаро Европа юрагидаги очиқ яра бўлиб қолмоқда – Гутерриш

Олам

image

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украинадаги можаро Европанинг юрагидаги очиқ яра бўлиб қолаётганини айтди. Бу ҳақда у Россия-Украина можароси бошланганининг икки йиллигига бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўз очди. 

Гутерришнинг қайд этишича, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ дунёни урушдан ҳимоя қилиш учун “йўл харитаси”ни тақдим этади.

"Аммо Россиянинг Украинага тўлиқ бостириб кириши иккаласини ҳам бузди", дейди ташкилот раҳбари адолатли тинчликни таъминлаш вақти келганини таъкидлаб.

Ҳозирги дунё тартибини “тартибсиз” деб атаган Гутерриш кучлар мувозанати ноаниқлигича қолаётгани, кенг тарқалган беқарорлик ва дахлсизлик туйғуларини қолдиришини айтган.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Украина халқининг можаро туфайли азоб чекаётганига эътибор қаратган.

“10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, шифохоналар, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлди”, дейди у.

Гутерришнинг сўзларига кўра, БМТ кенг кўламли зўравонликларни қайд этмоқда.

БМТ Бош котибининг таъкидлашича, Россия армияси томонидан тинч аҳоли ва маҳбусларга нисбатан қийноқ ва жинсий зўравонлик қўлланилгани ҳужжатлаштирилган.

Гутерришга кўра, украиналик оилалар фарзандларини йўқотишдан қўрқиб яшайди. 

“Тўрт миллионга яқин украиналик уй-жойини ташлаб кетган, уларнинг бир миллиони болалар. Мамлакатда 14 миллион одам гуманитар ёрдамга муҳтож”, дейди Антониу Гутерриш.

Шу билан бирга, у можаро рус халқига ҳам зарар етказаётганига эътибор қаратган.

“Минглаб россиялик ёшлар ҳозир фронтда ва можаронинг тарқалиш хавфи юқорилигича қолмоқда. Можаро озиқ-овқат нархининг ошишига, иқтисодий нотинчлик ва глобал ҳаёт инқирозига олиб келди, бу эса ривожланаётган мамлакатларга энг оғир таъсир кўрсатди”, дейди Гутерриш.

Бундан ташқари, у можаро ядровий холокостга олиб келиши мумкинлиги бутун дунёни хавотирга солмоқдалигини ҳам қайд этган.

Маълумот учун, 2022 йил 24 февралда Россия Президенти Владимир Путин телемурожаатида Украина шарқида “махсус ҳарбий операция” бошланганини эълон қилган. Шундан бери Украинада уруш давом этмоқда.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Украина Антониу Гутерриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг