Украинадаги кескинлик: Байден хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади
Олам
−
20 Февраль 2022
8630АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 20 февраль куни Украинадаги вазият бўйича Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки берган ёзма баёнотда айтилади.
“Президент Украинадаги вазият бўйича Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиради”, деган у.
Матбуот котибининг таъкидлашича, “Байден Украинадаги ўзгарувчан вазиятни кузатишда давом этмоқда ва унинг миллий хавфсизлик гуруҳи воқеалар ривожи ҳақида мунтазам равишда унга ҳисобот беради”.
“Улар (Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчилари) Россия исталган вақтда Украинага ҳужум қилиши мумкинлигини тасдиқлади”, дейди Псаки.
Ҳужжатда қайд этилишича, кеча, 19 февраль куни Байденга вице-президент Камола Харриснинг Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Украина Президенти Владимир Зеленский, Германия канцлери Олаф Шольц, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис, шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатлари “ва бошқа иттифоқчилар ва шериклар” раҳбарлари билан ўтказган учрашувлари натижалари ҳақида ҳам маълумот берилган.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.
Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.
Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь