Украинада ҳаво мудофааси тизимлари учун ўқ-дорилар тугаяпти
Олам
−
04 Январь
6714Украина Бирлашган Қуролли Кучлари қўмондони генерал-лейтенант Сергей Наев Украинани Россия ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун ўқ-дорилар етишмовчилигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у кеча, 3 январь куни Киев яқинидаги ҳарбий қисмларга ташрифи чоғида маълум қилди.
“Ҳозирда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа мобиль тизимлари учун ўқ-дорилар кейинги оғир ҳужумларга қарши туриш учун етарли, бироқ ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Украина табиий равишда Ғарб давлатларининг ракета таъминотига муҳтож”, дейди Наев.
Унинг фикрича, Киев, Харьков ва Украинанинг бошқа шаҳарларини ўққа тутиб, Россия армияси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини йўқ қилмоқчи. Мамлакат қуролли кучлари нуқтаи назаридан, декабрь ойи охири ва январь ойи бошларида Россиянинг Украинага уюштирган оммавий ҳужумлари Ғарбнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жанговар учувчисиз самолётлар ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни етказиб беришни зудлик билан кўпайтириши зарурлигини кўрсатган.
Қайд этиш жоизки, бугун, 4 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Донецк вилоятининг Курахово шаҳрига ракета ҳужуми уюштирган. Оқибатда болалар боғчаси, мактаб, соғломлаштириш маркази ва кафе вайрон бўлган, кўп қаватли бинолар зарар кўрган.
Бундан ташқари, Россия Харьковнинг Шевченковский туманига иккита ракета ҳужуми уюштирган. Портлаш тўлқини турар-жой биносининг ойналарини шикастлаган. Украина расмийларига кўра, ракеталар Белгород ҳудудидан учирилган.
Хмелницкий вилоятида эса иккита Shahed ҳужумчи дронлари уриб туширилган.
LiveБарчаси