Украинада ўлдирилганлар хунини ким тўлайди?
Таҳлил
−
25 Апрель 2022
25078Кеча, 24 апрель куни Россия Федерациясининг ҳарбий операция ниқоби остида Украинага бостириб кирганига икки ой тўлди. Бу вақт давомида икки мамлакат ҳам минглаб қурбонлар берди. Аммо урушнинг энг қақшатқич зарбалари, йирик иқтисодий йўқотишлар, вайрон бўлган инфратузилма, албатта, Украина томонида. Хўш, ушбу йўқотишлар учун Россия товон тўлайдими?
Россия Федерациясининг қуролли тажовузи аллақачон минглаб украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлди ҳамда давлат ва унинг фуқароларига катта зарар етказди. Украина Иқтисодиёт вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия босқинидан кейинги йўқотишлар ҳозирда 565 миллиард долларини ташкил этмоқда.
Демак, йўқотишлар қуйидагича:
119 миллиард доллар – инфратузилма йўқотишлари (вайрон бўлган йўллар, вокзаллар, аэропортлар);
112 миллиард доллар – 2022 йилда ялпи ички маҳсулот йўқотишлари;
90,5 миллиард доллар – фуқароларнинг мулкий йўқотишлари (10 миллион квадрат метр уйлар, 200 минг шахсий автомобиллар ва бошқалар);
80 миллиард доллар – корхоналар ва бизнес йўқотишлари;
54 миллиард доллар – Украина иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар йўқотишлари;
48 миллиард доллар – давлат бюджети йўқотишлари.
Томонлар қурбонлар ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этмаяпти. Урушнинг биринчи ойида Россияда 1351 киши ҳалок бўлган ва 3825 рус аскари яраланган. Россия томони баёнотига кўра, Украина армиясининг йўқотишлари 23 367 кишини ташкил қилган. Киев эса уруш бошланганидан бери 21,6 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини айтмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, охирги икки ойда Украинани тарк этганлар сони 5 милиондан ошган. Уларнинг 2 825 463 нафари Польшадан, 757 047 нафари Руминиядан, 549 805 нафари Россиядан, 471 080 нафари Венгриядан, 426 964 нафари Молдовадан, 342 813 нафари Словакиядан ва 23 759 нафари Беларусдан бошпана топган.
Россиянинг Украина шаҳарларига қуролли ҳужуми нафақат мудофаа ва ҳарбий объектларни, балки турар жой бинолари, мактаб, шифохоналарни ҳам қамраб олган. Ўтган даврда мобайнида 938 та таълим муассасаси зарар кўрган, улардан 87 таси бутунлай вайрон бўлган.
Хўш, қурбонлар ва жароҳатланганлар учун компенсацияни ким тўлайди? У аслида тўланиши керакми?
АҚШ ҳукумати ҳар бир инсон ҳаётининг қийматини қарийб 10 миллион доллар деб ҳисоблайди. Агар Украинада харажатлар пастроқ бўлса, дейлик, у ердаги ҳар бир инсоннинг ҳаёт қиймати камида 5 миллион долларга тенг. Агар ҳозиргача камида 10 минг украиналик ҳалок бўлган бўлса, товон пули камида 50 миллиард долларни ташкил этиши керак.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 2022 йил 21 апрель ҳолатига кўра, Россиянинг Украинага қилган ҳарбий ҳужуми чоғида жами 2435 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда. Улардан 184 нафари болалардир. Бундан ташқари, 2946 киши жароҳат олгани айтилган. Бироқ, комиссарлик ҳақиқий рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Жисмоний ва ҳиссий жароҳатлар ўлимдан ҳам оғирроқ бўлиши мумкин – булар яна 50 миллиард долларга тушади. ЯИМдаги йўқотишлар ҳақида нима дейиш мумкин? 2020 йилда Украина ялпи ички маҳсулоти тахминан 2 миллиард долларга ўсди. Агар у кейинги беш йилнинг ҳар бир йилида ўсишда 2 миллиард долларни йўқотса, бу миқдор 10 миллиард долларга етади.
Шунингдек, Путин Россияси Қуролли Кучлари томонидан бир ойдан камроқ вақт ичида етказилган зарар 700 миллиард долларга етади. Агар бу миқёсдаги жанглар яна икки-уч ой давом этса, жами зарар 1,5 триллион доллардан ошиши мумкин. Бу эса Россиянинг 2020 йилдаги ялпи миллий маҳсулотига тенг.
Баъзи йўқотишларни ҳисоблаш мураккаб. Чунки, мактаб ва ижтимоий ривожланишни ўтказиб юбораётган болаларни ёки сув, ҳаво ва тупроқни заҳарлайдиган ўқ-дорилар ва ёнғинлар натижасида атроф-муҳитнинг бузилишини қандай баҳолаш мумкин? Бунинг ўрнини товон билан тўлдириб бўладими?
Халқаро ҳуқуқда давлатларга етказилган зарар учун товон тўлашни белгилашнинг икки кўриниши мавжуд: контрибуция ва репарация.
Контрибуция – урушда мағлубиятга учраган давлатнинг ғолиб чиққан давлатга сулҳ шартномаси асосида товон тўлаши.
Репарация – тажовузкор, урушни бошлаган давлат томонидан ҳужумга учраган давлатга етказилган зарарни тўлиқ ёки қисман қоплаш.
Иккаласининг фарқи ундириш усулида: репарация ҳар доим ҳужумга учраган давлатга тўланади. Контрибуция эса ғолиб мамлакат томонидан ўрнатилади, унинг ўзи босқинчи мамлакат бўлиши ҳам мумкин.
Қизиқарлиси, халқаро гуманитар ҳуқуқ фақатгина репарацияни тан олади. Контрибуция иккинчи жаҳон урушидан кейин тўхтатилган. Бу 1947 йилдаги Париж тинчлик шартномаларида ҳамда 1949 йилги Женева конвенциясида ҳам қайд этилган.
Репарациялар яқинда пайдо бўлган ихтиро эмас. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бунга кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Масалан, ХIХ аср бошларида Франция бошқа европаликларга Наполеон томонидан етказилган зарарни қоплаш учун катта миқдорда пул тўлаган ёки бир аср кейинроқ эса биринчи ва иккинчи жаҳон урушларидан кейин Германия урушда етказган зарари учун репарация тўлаган.
Ёки, Кўрфаз урушидан кейин Ироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 687-сонли резолюциясини қабул қилди, бу резолюция Ироқнинг Қувайтга бостириб кириши натижасида етказилган зарар учун молиявий жавобгарлигини эълон қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Компенсация комиссияси (UNCC) тузилди ва унга ҳукуматлар, корпорациялар ва жисмоний шахслар томонидан 350 миллиард АҚШ доллари миқдорида даъво аризаси берилди. UNCC тахминан 1,5 миллион муваффақиятли даъвогарга 52,4 миллиард долларлик компенсация талабларини қабул қилди ва топширди.
Украина Россия Федерациясидан товон талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу факт. Яъни Россия Украинага вайрон қилинган саноат, фуқаролик инфратузилмаси: уйлар, мактаблар, шифохоналар, маданият муассасалари ва бошқа объектлар учун товон тўлаши лозим.
Буни Украина қуйидаги йўллар орқали амалга ошириши мумкин?
Биринчи навбатда, Россия билан тинчлик шартномаси тузган ҳолда репарация олиш;
Иккинчи навбатда, Россия товон тўлашини таъминлашни БМТ институтларига топшириш;
Учинчи навбатда, агар Россия халқаро ҳуқуқни менсимасликда давом этса, иттифоқчилар қарори билан Россия Федерациясининг музлатилган активларини олиш орқали.
Камронбек Кенжаев
LiveБарчаси