Украинада ҳарбий сафарбарликни кучайтириш бўйича қонун қабул қилинди
Олам
−
12 Апрель
3749Украина парламенти мамлакатда ҳарбий сафарбарлик шартларини кучайтирувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Олий Радада сафарбарлик, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизмат билан боғлиқ айрим масалаларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасига овозга қўйилди. Қонун лойиҳасини 351 депутатдан 283 нафари ёқлаб овоз берди.
Январ ойида парламентга киритилган ва кейин кўплаб тузатишлар киритилган қонун лойиҳаси аввалроқ сафарбарлик шартларини кучайтириш борасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.
Янги қонунга кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар сафарбарлик вақтида рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини доим ўзлари билан олиб юришлари ва уни ҳарбий комиссия вакили ёки милиция ходимининг илтимосига биноан кўрсатишлари шарт.
Шунингдек, эркаклар чегара посбонининг талабига биноан чегара постида ёки чегара зонасида ҳарбий рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим этишлари талаб қилинади. Бундан ташқари, хорижда бўлган ва рўйхатдан ўтиш гувоҳномасига эга бўлмаганлар янги паспорт ололмайди.
Қонун эълон қилингандан сўнг, ҳарбий хизматга мажбур бўлган барча шахслар 60 кун ичида яшаш манзили, алоқа маълумотлари ва ҳарбий йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни янгилашлари шарт.
18 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбур шахслар ҳарбий рўйхатга олиш маълумотлари янгиланган тақдирдагина Украинанинг хорижий дипломатик муассасаларида консуллик хизматларини олиши мумкин бўлади.
Литва пойтахти Вильнюсдаги матбуот анжуманида сўзга чиққан Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Рада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонунни қабул қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий маъмуриятга ёрдам бериш мақсадида янги сафарбарлик тўғрисидаги қонунга баъзи яхшиланишлар киритилган.
“Бугун эрталаб қабул қилинган қонун қўшинларимиз ва ҳарбий маъмурият талабига биноан сафарбарликка оид баъзи ўзгаришларни ўз ичига олади. Ҳа, шунга кўра, ҳарбий сафарбарликдан бўйин товлаётганлар устидан назорат кучайтирилмоқда”, дейди Зеленский.
Маълумот учун, 2 апрель куни Украина Президенти сафарбарлик ёшини 27 ёшдан 25 ёшгача қисқартирувчи қонунни тасдиқлаган.
LiveБарчаси