Украина Европа Иттифоқига киришга тайёр эмас – Орбан
Олам
−
01 Декабрь 2023
4997Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланишига қарши, чунки у бунга ҳали тайёр эмас. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан “Kossuth” радиостанциясининг эрталабки дастурида айтиб ўтди.
Унинг фикрича, Украина ҳозирда уруш ҳолатида ва мамлакат аҳолисининг аниқ сони ҳам маълум эмас. Шу билан бирга, одамлар доимий равишда Украинадан чиқиб кетмоқда.
"Унинг ҳуқуқий ва сиёсий тизими тинч ҳаёт кечираётган мамлакатдан бошқача ишлайди. Шунинг учун Украина барча Европа Иттифоқи давлатларида амал қиладиган қонун устуворлигининг конституциявий тамойилларига бўйсунадими ёки йўқлигини айта олмаймиз", дейди Орбан.
Унинг таъкидлашича, Украинанинг ЕИга қўшилиши мумкин бўлган оқибатлари, хусусан, бундай қадамнинг Европа иқтисодиётига таъсири масаласи ҳам ишлаб чиқилмаган.
"Украина қишлоқ хўжалигининг эркин бозор тизимига киритилиши европалик фермерларга фойда келтирадими ёки йўқми, биз билмаймиз", дея тушунтирди Бош вазир.
Шу муносабат билан у Венгрия Еврокомиссиянинг Украина билан Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларини қўллаб-қувватламаслигини ва бу масалани 14-15 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтиши режалаштирилган ЕИ саммити кун тартибига киритмасликни таклиф қилмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрь куни Европа Иттифоқи Украинадан буғдой, арпа, колза ва кунгабоқар уруғларини Польша, Венгрия, Словакия, Руминия ва Болгарияга экспорт қилишга қўйилган тақиқни бекор қилишга рухсат берганига қарамасдан Венгрия Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришга бир томонлама тақиқ қўйганди. Бу ҳукумат ўз деҳқонларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилаётганини айтганди. 8 ноябрь куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи кенгашига Украина билан ҳамжамиятга қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилишини айтганди.