Украина яна бир давлатни ўзига “душман” деб атади

Олам 29398
image

Киев Дамашқнинг Луганск халқ республикаси ва Донецк халқ республикасини тан олиш қарорига жавобан консуллик муносабатларини узмаган ҳолда Сурия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 30 июнь куни тарқатган баёнотида айтилади. 

"Украина Ташқи ишлар вазирлиги Сурия Араб Республикасининг Донецк ва Луганск вилоятларидаги вақтинчалик босиб олинган ҳудудларнинг "мустақиллиги"ни тан олиш ҳақидаги қарорини кескин қоралайди. Ушбу нодўстона ҳаракатга жавобан, Украина консуллик муносабатларини бузмаган ҳолда Сурия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилади”, дейилади Украина ТИВ сайтида эълон қилинган хабарда. 

Қайд этилишича, Украина томони, шунингдек, Сурияга қарши савдо эмбаргоси, суриялик юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан бошқа санкциялар жорий этиш тартибини бошлаб юбормоқда. 

ТИВ баёнотига кўра, Украина расмийлари Суриянинг қарорини “Украинага қарши нодўстона ҳаракат, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз, Украина қонунчилиги, БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини қўпол равишда бузиш” деб ҳисобламоқда. 

ТИВ маълумотларига кўра, Украина томони Дамашқдаги элчихонани 2016 йилда ёпган, шунингдек, 2018 йилда Суриянинг Киевдаги элчихонасини ёпишга буйруқ берган. Суриядаги украиналикларнинг манфаатларини Украинанинг Ливандаги элчихонаси ҳимоя қилади. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июнь куни Сурия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Сурия Араб Республикаси Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олишга қарор қилганини айтди. Дипломатик департамент маълумотларига кўра, алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича асосларни келишиш учун ЛХР ва ДХР билан алоқалар ўрнатилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 236
Рейтинг: 3.1
t
×