Украина ва Россия яна ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини алмашди

Олам

image

Бугун, 21 июнь куни Запорожье вилоятида Россия ва Украина уруш давомида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси Матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Украина 50 нафар россиялик ҳарбийнинг жасади эвазига 35 нафари ҳимоячисининг жасадини қайтариб олган.

“Украина қаҳрамонлари тўлиқ ҳарбий шараф билан дафн этилади. Қурбон бўлган украиналик аскарларнинг жасадларини қайтариш жараёни давом этмоқда. Бу Женева конвенцияси нормаларига мувофиқ амалга оширилади”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, операция алоҳида вазиятларда бедарак йўқолганлар бўйича комиссар, Мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси, Украина Хавфсизлик хизмати, Украина Қуролли кучлари бош штаби ва Украинанинг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган.

Маълумот учун, Украина ва Россия ўртасида уруш бошланганидан бери учинчи марта жасадлар алмаштирилди.  Аввалроқ, улар 160 та жасадга 160 та жасад алмашган эди.

Бундан ташқари, Украина россиялик аскарлар томонидан асирга олинган беш нафар фуқарони озод қилишга муваффақ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 май куни Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот чоғида Австрия канцлери Карл Нехаммерга Украина билан маҳбуслар алмашинуви билан боғлиқ масалаларни фаолроқ муҳокама қилишга ваъда берганди.

Шунингдек, Украина раҳбари Владимир Зеленский Россия билан маҳбусларни қачон бўлса алмашишга тайёрлигини ҳамда ушбу жараённи кучайтириш кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

194

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг