Украина ва Молдовага ЕИга номзод мақоми берилганига Кремлдан садо чиқди
Олам
−
24 Июнь 2022
18880Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга аллақачон жиддий путур етган, Украина ва Молдовага бирлашмага аъзолик учун номзод мақомини бериш билан муносабатларни бундан баттар ёмонлаштириш мумкин эмас. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 24 июнь куни журналистлар саволларига жавоб бериб, айтиб ўтди.
“Бу, албатта, Европанинг ички ишлари. Биз учун бу жараёнлар бизга ва ушбу давлатларнинг Россия билан муносабатларида янада кўпроқ муаммо чиқмаслиги муҳим. Бу муаммолар шусиз ҳам керагидан ортиқча”, деган Песков Кремлнинг ЕИ қарорига муносабати ҳақидаги саволга жавобан.
У бу жараёнлар Европа билан муносабатларни янада ёмонлашувига олиб келмаслиги ҳам муҳимлигини қўшимча қилган.
“Негаки уларни (муносабатлар –таҳр.) янада бузиш жуда қийин, улар шундоқ ҳам зарар кўрган”, деган Кремль вакили.
Песков Украина ҳақида гапириш ўринсиз эканини айтиб, Молдова ҳам европалик бўлмоқчилигига эътибор қаратган.
“Бу ерда Украина ҳақида айтадиган гап йўқлигини кўряпмиз, ҳамма нарса аниқ, лекин ҳозир биз европаликларнинг ўзидан кўра кўпроқ европалик бўлишни истайдиган Молдовани ҳам кўриб турибмиз. Кўп жиҳатдан, унинг [Молдова] номзодлик мақоми негадир русларга қарши муносабат билан боғланяпти. Уларга қанчалик кўп русларга қарши бўлишса, европаликларга шунчалик ёқадигандек туюлади. Биз ҳақиқатан ҳам бундай бўлишини хоҳламаймиз”, дейди Путиннинг матбуот котиби.
Шу муносабат билан у 20 йил муқаддам Туркияда дипломат бўлиб ишлаганини эслаган.
“Ўшанда Туркияда ҳам умид уйғотди ва Европа Иттифоқи [аъзолиги]га номзод бўлди. У Европанинг органик қисмига айланиш, кулранг зонани тарк этиш ҳамда Европа ва Осиё туташган жойда Европанинг қисмига айланиш учун ҳам кўп нарсадан воз кечишга тайёр эди. Лекин Туркиянинг бу номзодликдан узоққа бормаганини, айни пайтда у суверен мустақил давлатга айланганини кўряпмиз”, дея эслаган Песков.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 июнь куни Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари Брюсселдаги саммитда Украина ва Молдовага ҳамжамиятга аъзо бўлиш учун номзодлар мақоми берилишини маъқуллади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь