Украина Ўзбекистонни “Қрим платформаси” саммитига таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 3 март куни Украина Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарова Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчиси Алишер Курманов билан учрашган. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда расмий Киев Ўзбекистонни “Қрим платформаси” саммитига таклиф қилди.

“Украина томони Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат мустақиллиги 30 йиллигини нишонлаш маросимларида ва “Қрим платформаси”нинг инаугурация саммити доирасидаги тадбирларда иштирок этишини мамнуният билан қабул қилишини тасдиқлайди”, дейилади ТИВ веб-сайтида.

Суҳбатдошлар, шунингдек, Украина ва Ўзбекистоннинг кўплаб масалалар бўйича, хусусан, савдо-сотиқ, халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқалар, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича икки томонлама мулоқотни фаоллаштиришга интилишини таъкидлаган.

Вазирнинг биринчи ўринбосари турк дунёсини бирлаштирувчи ташкилот – Тур Кенгашида Украинанинг кузатувчи мақомини олиш ниятига эътибор қаратди. 

“Кузатувчи мақомини олиш нафақат кенгашга аъзо давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш учун, балки Украинанинг туркий дунёси билан алоҳида алоқаларини намойиш этишга ҳам имкон беради”, дейди Жапарова.

Вазирнинг биринчи ўринбосари, шунингдек, Украина учун яқин келажакда Ислом Ҳамкорлик Ташкилотида кузатувчи мақомини олиш муҳимлигини таъкидлаган. 

“Бу мусулмон олами билан яқинроқ ўзаро алоқани ва ИҲТга аъзо давлатлар билан икки томонлама алоқалар кенгайишини таъминлайди”, дейди Вазир ўринбосари.

Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Қримни ишғолдан чиқариш ва қайта интеграциялашга қаратилган баъзи чора-тадбирлар тўғрисида фармон имзолагани маълум бўлган эди.

Унга кўра, ҳукуматга “Қрим платформаси”ни ташкил этиш ва ишга тушириш, шунингдек, қрим-татар тили, маданияти ва Қрим аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар топширилган.

Маълумот ўрнида, Қрим 2014 йил март ойида у ерда ўтказилган референдумдан сўнг, Россия ҳудудига айланган. Украина эса ҳанузгача Қримни ўз ҳудуд деб билади.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Узбекистан

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг