Украина тарафда урушаётганларга сабоқ бўлсин – Захарова ДХРда ўлимга ҳукм қилинганлар ҳақида

Олам 6714
image

Тан олинмаган Донецк халқ республикаси Олий суди томонидан уч нафар хорижлик ёлланма аскарга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми украиналиклар томонида жанг қилаётган бошқа аскарлар учун намуна бўлади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова айтиб ўтган. 

“Бундай қаттиқ ҳукм Украина томонида жанг қилаётган ёки фақат уларга қўшилишни ният қилган бошқа барча аскарлар учун яққол мисол бўлади, чунки бу Донбасс тинч аҳолисига қарши жиноятдир. Украина ҳарбийлари ва хорижлик ёлланма аскарларнинг уруш жиноятлари жазосиз қолмайди”, дейди урушни бошлаган Россия вакили Захарова.

Шунингдек, ТИВ расмийси Россия раҳбариятининг Донбассни “Киев режими агрессиясидан” ҳимоя қилиш учун бошлаган урушни давом эттириш, Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш тўғрисидаги баёнотларига эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, тан олинмаган Донецк халқ республикаси Олий суди Украина қуролли гуруҳлари таркибида ёлланма ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланаётган Британия фуқаролари Шон Пиннер ва Эйден Аслин, шунингдек марокашлик Саадун Браҳимни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси суднинг қароридан норози эканини билдириб, ДХРда адолатли судловлар таъминланишини шубҳа остига олганди. 

Кейинчалик эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Россиянинг британиялик ҳарбий асирлар Шон Пиннер ва Эйден Аслинни ўлдириш билан таҳдид қилганидан ғазабланиб, вазирларга уларни озод қилиш учун “қўлдан келган барча иш”ни қилишни буюрганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 3
t
×