Украина Россиянинг Қримдаги иккита ҳарбий катерига ҳужум қилди (видео)
Олам
−
30 Май
11299Бугун, 30 майга ўтар кечаси Украина аннексия қилинган Қримда Россиянинг иккита ҳарбий катерини "Magura V5" ҳарбий-денгиз дрони ёрдамида ҳужум қилди. Украина Бош разведкаси бошқармаси махсус операция муваффақиятли ўтказилгани кўрсатилган видеони эълон қилди.
"Украинская правда"нинг Бош разведка бошқармасидаги манбасига кўра, ҳужум Евпатория туманининг Черноморское қишлоғи ҳудудида содир бўлган.
“Душман бунга қарши туриш учун авиация, ўқ отиш қуроллари ва артиллериядан фаол фойдаланди, аммо уларнинг бу ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бермади”, дейди манба.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам аннексия қилинган Қрим бир кечада ракеталар ва дронлар томонидан ҳужумга учраганини маълум қилди.
“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Азов денгизи узра саккизта АТАCАМС ракетасини йўқ қилди ва Қрим ярим ороли соҳиллари яқинида Қора денгиз узра саккизта учувчисиз самолётни тутиб олди”, дея хабар берди вазирлик.
Бундан ташқари, Қора денгизда иккита сув усти дрони йўқ қилингани айтилмоқда.
“Керчда транспорт инфратузилмасига қилинган ҳужумни қайтариш чоғида уриб туширилган ракеталар қолдиқларидан иккита паром - автомобиль ва темир йўл зарар кўрди”, дейди Қримга Россия томонидан тайинланган транспорт “вазири” Николай Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ.
"Astra" Telegram-канали эса Керч аҳолиси тунда шаҳарда 20 га яқин портлаш овозини эшитганини ёзди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳужум чоғида Қрим кўпригида ҳаракат тахминан бир соатга тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун бир неча бор Ғарб давлатлари етказиб берган қуроллардан фойдалангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси