Украина Россиядаги нишонлар рўйхатини АҚШ ва Британияга топширди

Олам

image

Украина АҚШ ва Буюк Британияга Ғарбдаги иттифоқчилар томонидан берилган узоқ масофали ракеталар билан зарба бермоқчи бўлган Россия ҳудудидаги ҳарбий объектлар рўйхатини топширди. Бу ҳақда бугун, 14 сентябрь куни номи ошкор этилмаган икки европалик дипломатга таяниб “Euronews” хабар берди.

Маълумотларга кўра, дастлаб Украина томони ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган Россия самолётлари жойлашган ҳаво базаларига ҳужум қилиш учун Американинг АТАСМS ракеталаридан фойдаланишни режалаштирган. Бироқ бунга жавобан Пентагон Россия ўз жанговар самолётларининг 90 фоизини АҚШдан Киевга етказилган узоқ масофали ракеталар чегарасидан ташқарига кўчирганини билдирди.

Бундан ташқари, Украина Ғарб ракеталаридан Россия ҳарбий қўмондонлик пунктлари, ёқилғи ва қурол-яроғ омборлари ҳамда қўшинлар тўпланган ҳудудларга ҳужум қилиш учун фойдаланишни режалаштирмоқда. АТАСМS'дан ташқари, Украина Қуролли Кучлари Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар учун Британиянинг Storm Shadow ва Франциянинг SCALP ракеталаридан фойдаланмоқчи.

АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер кеча, 13 сентябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар беришига ошкора рухсат бермади.

Шу билан бирга, иккала етакчи ҳам Россия тажовузкорлигини қайтаришда Киевни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади ва Эрон ҳамда Шимолий Кореянинг Россияга ҳалокатга олиб келувчи қуроллар етказиб бераётганидан ҳамда Хитойнинг қўллаб-қувватлаётганидан чуқур хавотир билдирди.

“The Guardian” газетасининг ёзишича, Буюк Британия аллақачон Украинага Россияга етказиб бераётган Storm Shadow қанотли ракеталарини учиришга рухсат берган. Бироқ, Қўшма Штатлар бундай рухсат бермади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Вашингтонга ташрифи чоғида Америка томонига Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун мўлжалланган нишонлар рўйхатини топширганини тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Буюк Британия Украина нишонлар рўйхати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made