Украина парад пайтида Қизил майдонга ҳужум қилмайди
Олам
−
09 Май 4486 2 дақиқа
Украина Қуролли кучлари 9 май куни ҳужум қилиш мумкин бўлган нишонлар рўйхатидан Москвадаги Қизил майдонни чиқариб ташлади. Бу ҳақда Украина ҳукуматидаги манбасига таяниб, РБК-Украина хабар берди.
Манбага кўра, Украина қолган барча Россия ҳудудларига нисбатан режа асосида ҳаракат қилади, яъни Россия томони ўқ узмаса, Украина ҳам ўқ узмайди, Россия ракета учирмаса, Украина ҳам зарба бермайди.
“Биз ойнадек жавоб қайтарамиз. Улар отмаса, биз ҳам отмаймиз. Улар ракета учирмаса, биз ҳам учирмаймиз”, деган нашр суҳбатдоши.
Унинг қўшимча қилишича, Киев парад вақтида “тинчлик режими”га рози бўлганининг асосий сабаби Россия асирлигидаги минг нафар украиналик ҳарбийни қайтариш ҳисобланади.
Зеленскийнинг мазкур фармони 8 май куни кечқурун Украина Президенти сайтида эълон қилинган. Ҳужжатда “2026 йил 8 май куни Америка томони билан музокараларда муҳокама қилинган гуманитар илтимосларни инобатга олган ҳолда, 2026 йил 9 май куни Москва шаҳрида парад ўтказишга рухсат берилади”, дейилган.
Шунингдек, фармонга мувофиқ, Киев вақти билан 9 май соат 10:00 дан бошлаб парад якунлангунга қадар Қизил майдон Украина армияси зарбалари учун тақиқланган ҳудуд деб белгиланган.
Бундан аввал Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трампга 9 май муносабати билан ўт очишни тўхтатиш таклифини билдирган, Россия Мудофаа вазирлиги эса 8–9 май кунлари бир томонлама ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилишини маълум қилган эди.
Киев эса ўз навбатида 6 майдан бошлаб алоҳида “тинчлик режими”ни таклиф қилди, аммо Украина томонига кўра, Россия ҳужумларни давом эттирган. Шундан сўнг Зеленский Путинни фақат парад хавфсизлиги қизиқтираётганини айтган ва яқин вақт ичида жавоб қайтарилишини маълум қилган. У, шунингдек, хорижий делегацияларни 9 май куни Москвага бормасликка чақирган.
8 май кечқурун Дональд Трамп Россия ва Украина 9, 10 ва 11 май кунлари уч кунлик ўт очишни тўхтатиш ҳамда ҳар икки томондан минг нафардан асир алмашиш бўйича келишувга эришганини билдирган. Кейинроқ бу маълумотни Путин ёрдамчиси Юрий Ушаков тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Москва шаҳрига жўнаб кетганди. Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.
Live
Барчаси