Украина Москвадан Ил-76 да ҳалок бўлган аскарларининг жасадини сўради
Олам
−
02 Февраль 2024 7486 2 дақиқа
Украина расмийлари Белгород вилоятида Ил-76 ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий асирларнинг жасадини қайтариш бўйича Россияга мурожаат қилган, бироқ Россия томони бунга муносабат билдирмаган. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов маълум қилди.
“Ўлим ҳақидаги маълумотларга келсак, Украина жасадларни топшириш учун ариза берди ва ариза беришда давом этмоқда. Ҳозирча Россия томони бунга рози эмас. Шу боис давлатимизнинг нафақат Ил-76 самолёти қулаши ҳолатлари, балки унинг ичида нима бўлгани – у ерда одамлар борми, ўқ-дорилар борми, кимлар бўлгани юзасидан холис халқаро тергов ўтказиш талаби долзарблигича қолмоқда", унинг сўзларини “Украинская правда” келтирди.
Юсовнинг таъкидлашича, Россия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган деб эълон қилган 65 нафар украиналик аскарнинг мақоми ўзгармаган – улар ҳамон ҳарбий асирлар саналади.
Унинг қўшимча қилишича, 31 январь куни Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтган кенг кўламли ҳарбий асирлар алмашинуви Ил-76 ҳалокатга учраган куни тўхтатилган операция деярли якунига етган.
Жумладан, айирбошлаш доирасида 24 январь куни алмаштирилиши керак бўлган украиналиклар уйларига қайтган. Россия томонига кўра, ҳалокатга учраган самолёт бортида бўлганлар рўйхатидан 65 киши бундан мустасно.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.
Шундан сўнг, Владимир Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилганди.
Бундан олдин ҳам Путин самолёт Америка ёки Европа мамлакатларига тегишли қуроллар ёрдамида уриб туширилганини тахмин қилганди.
Live
Барчаси