Украина ХЖCнинг тўлақонли аъзоси бўлди

Олам

image

Украина Халқаро жиноий суд (ХЖС) Рим Статутининг 125-мамлакати бўлди ва 2025 йил 1 январдан бошлаб бошқа давлатлар билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлди. Суд биносида ХЖCга аъзо давлатлар байроқлари орасида кўк ва сариқ рангли Украина байроғи ўрнатилди.

"Украина 2025 йил 1 январда расман Халқаро жиноий суднинг 125-мамлакатига айланди. Бу шуни англатадики, у ҳозирда ушбу халқаро шартноманинг тўлиқ иштирокчиси бўлиб, иштирокчи-давлатларга юкланган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Улардан энг муҳими бюджетни тасдиқлашда, Рим статутига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритишда, судьялар, бўлажак прокурор ва унинг ўринбосарларини танлашда овоз бериш ҳуқуқидир, бу маълум даражада халқаро жиноят ҳуқуқининг келажагини шакллантиришга ёрдам беради", деди ХЖС вакили Фади ал-Абдалла "Укринформ" агентлигига берган интервьюсида.

Маълумот учун, Украина Олий Радаси 2024 йил 21 август куни Рим статутини ратификация қилиш учун овоз берди. Ўшанда мамлакат Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бу қадам Киевнинг Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларида иштирок этганларни жавобгарликка тортишга қаратилган ХЖС билан ҳамкорлигини янада самаралироқ қилиши кераклигини айтганди. 24 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Халқаро жиноий суд фаолияти асоси бўлган Рим статутини ратификация қилувчи қонунни имзолади.

Қайд этиш жоиз, Гаагадаги Халқаро жиноий суд 2023 йил мартда Россия Президенти Владимир Путинни, 2024 йил ноябрь ойида эса Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берган. Ўтган йили ноябрда ХЖC прокурорлари Судгача бўлган палатадан Мьянма президенти вазифасини бажарувчи катта генерал Мин Аун Хлайнни ҳам ҳибсга олишга ордер беришни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина ХЖС Рим Статути Халқаро жиноий суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг