Украина қарши ҳужум режаларини иттифоқчиларидан яширмоқда – “Politico” 

Олам

image

Украина махфий маълумотларнинг интернетга сиздирилиши мумкинлигидан шубҳаланаётгани боис яқинда кутилаётган қарши ҳужум бўйича режаларини иттифоқчиларидан яширмоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди. 

Қайд этилишича, Киев яқинда Пентагоннинг махфий маълумотлари тарқалиб кетгани сабаб қарши ҳужум бўйича режаларни, жумладан, ҳужумнинг қачон бошланиши, қанча қўшин қаерга жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотларни иттифоқчилари билан бўлишишни истамаяпти. 

Пентагоннинг интернетга сиздириб юборилган махфий ҳужжатларида урушга оид муҳим тафсилотлар, хусусан, Украина қўшинларининг позицияси, қурол-яроғ захираси ва қурбонлар ҳисоби келтирилган эди. Масалан, унда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ўқ-дорилари тугаётгани, Ғарб уларнинг ўрнини босувчи снарядларни қисқа вақтда етказиб беролмаслиги айтилганди. Май ойида агар вазият ўзгармаса, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фалажланиб қолиши ва оқибатда қарши ҳужум кутилган натижани бермаслиги мумкинлиги маълум қилинганди. 

АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Украинани келажакда бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ишонтиришга уринаётган бўлсада, Киев уни уруш давомида зарур қурол-яроғлар билан таъминлаган иттифоқчиларига асосий разведка маълумотларини ошкор қилишга шошилмаяпти. 

Хабарларга кўра, қарши ҳужум режасидан Украинада фақатгина бир неча одамнинг хабари бор, холос. 

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, АҚШ ҳамон Украинани муҳим разведка маълумотлари билан қўллаб-қувватламоқда, уларнинг маълумот алмашинуви олдингидек давом этмоқда. 

Бироқ Байден маъмуриятининг бошқа расмийлари Украина ҳеч қачон ҳарбий режаларини тўлиқ очиқламаганини, шунинг учун ҳам Вашингтон Киев уларни қарши ҳужумнинг қачон бошланиши ҳақида аниқ хабардор қилишига ишонмаслигини таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Пентагон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг