Украина Исроилни ўғирланган ғаллани сотиб олишда айблади
Олам
−
28 Апрель 1918 3 дақиқа
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Исроил Россия томонидан уруш пайтида эгаллаб олинган ҳудудлардан сотиш учун олиб чиқилган ғалла юкланган иккита кемани қабул қилганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
У яҳудий давлатини бундай кемаларнинг ўз портларида юк туширишига рухсат бермаслик ҳақида огоҳлантирган.
“Украина ва Исроил ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳар икки давлат учун ҳам фойда келтириш салоҳиятига эга ва Россиянинг ўғирланган Украина ғалласи билан ноқонуний савдо қилиши бу алоқаларга путур етказмаслиги керак”, дейди Сибига.
Унинг қўшимча қилишича, Киевнинг Хайфага борган биринчи кема бўйича сўрови эътиборсиз қолдирилган, шу сабабли ТИВ Исроил элчисини чақиртириб, унга норозилик нотаси ва чора кўриш ҳақидаги илтимосни топширган.
Бунга жавобан Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Украина ўз айбловлари учун етарли далиллар тақдим этмаганини айтган ва давлатлар ўртасидаги дипломатия ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у масала кўриб чиқилишига ваъда берган. Шундан сўнг Украина Президенти Владимир Зеленский “барча нормал мамлакатларда ўғирланган нарсани сотиб олиш” ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтган.
“Бу, хусусан, Россия томонидан ўғирланган ғаллага ҳам тегишли... Исроил расмийлари мамлакат портларига қайси кемалар ва қандай юк билан келаётганини билмаслиги мумкин эмас”, дейди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, Украина ўғирланган ғаллани бевосита ташиётганларга ва бундай “жиноий схемадан даромад олишга уринаётганларга” қарши санкциялар тайёрламоқда. Европа Иттифоқида ҳам ушбу савдога алоқадор Исроил расмийлари ва ташкилотларига нисбатан чекловлар жорий этиш имконияти ўрганилаётгани хабар қилинган.
“VesselFinder” маълумотларига кўра, аввалроқ Хайфа портига “Кавказ” портидан (Краснодар ўлкаси) Панама байроғи остидаги “Panormitis” кемаси 6,2 минг тонна буғдой ва 19 минг тоннадан ортиқ арпа билан борган. Исроил ОАВ манбалари ва украиналик журналистлар ушбу партия Керчь ва Бердянскдан олиб чиқилган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда.
Украина Ташқи разведка хизмати маълумотларига кўра, Россия босиб олинган ҳудудларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз экспорти сифатида сотмоқда. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида шу йўл билан 2 миллион тоннадан ортиқ ғалла олиб чиқилган бўлиши мумкин.
“Санкцияларни айланиб ўтиш учун Россия “Кавказ” портидаги юк ўтказиш пунктида тўпловчи кемаларни жалб қилган ҳолда “ship-to-ship” (кемадан кемага) схемасидан фойдаланмоқда. Бу ғалланинг ҳақиқий келиб чиқишини яшириш имконини беради”, дея қайд этади разведка.
Исроилнинг “Haaretz” нашри манбалари бундай етказиб беришлар тизимли хусусиятга эга эканини тасдиқламоқда. Фақатгина жорий йилнинг ўзида мамлакатда ўғирланган Украина ғалласининг тўртта партияси туширилган. Шу каби маҳсулот юкланган яна бир кема 26 апрель куни эрталаб Хайфага етиб борган. Нашр маълумотларига кўра, Россия расмийлари томонидан босиб олинган Украина портларида юритилаётган ҳужжатларда 30 дан ортиқ юк партияларининг манзили сифатида Исроил кўрсатилган.
Кремль Украина ва Исроил ўртасидаги ғалла етказиб бериш бўйича низога изоҳ беришдан бош тортган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Россия “бу ишга аралашиш ниятида эмаслигини” маълум қилган.
Live
БарчасиАҚШда одам итни тишлаб олди
28 Апрель