Украина инқирози: Зеленский “ҳомийлари” билан учрашади
Олам
−
19 Февраль 2022
7479Бугун, 19 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШ вице-президенти Камола Харрис билан учрашади. Бу ҳақда Украина давлати раҳбари идорасининг хабарида айтилади.
“Давлат раҳбарининг учрашувлари орасида қуйидагиларни таъкидлаш лозим: Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон билан, Германия канцлери Олаф Шольц билан, АҚШ вице-президенти Камола Харрис билан, халқаро молия институтлари вакиллари, Украинанинг бошқа ҳамкорлари ва дўстлари билан”, дейилади ҳисоботда.
Таъкидланишича, Зеленский Киевга қўшимча ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ келишувларга эришмоқчи. Президентнинг учрашувлар жадвали “динамик” деб аталади. Бугуннинг ўзида у Киевга қайтишни режалаштирмоқда.
Конференция кун тартибига кўра, Президент нутқ сўзлайди, у соат 16:30 да (Тошкент вақти билан 20:30) “Европанинг доимий инқирози: Украина ва Европа хавфсизлиги” муҳокама панелида иштирок этади.
“Табиийки, бу йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясидаги муҳокамалар Шарқий Европадаги долзарб таҳдидлар ва Украина атрофидаги вазиятга бағишланади. Шундай экан, Украинага оид масалалар Украина иштирокида ҳал қилиниши учун давлатимиз позициясини етарлича тақдим этиш керак. Мамлакат шарқидаги вазият тўлиқ Украина хавфсизлик ва мудофаа кучлари томонидан назорат қилинади”, дейилади идора хабарида.
Маълумот ўрнида, Мюнхендаги Халқаро хавфсизлик конференциясида уч кун давомида 600 га яқин сиёсатчи, ишбилармон ва илмий доиралар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари қатнашади. Форумда 35 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади. Асосий мавзу Украина атрофидаги инқироз бўлади.