Украина Ғарбдан 50 тагача F-16 қирувчи самолётларини олишни кутмоқда
Олам
−
16 Май 2023
4576Киев Ғарб давлатларидан 40 дан 50 тагача F-16 қирувчи самолётларини олишни кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 16 май куни Украина Мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сакга таяниб, “Politico” нашри хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Киев осмонни ҳимоя қилиш учун бу қирувчилардан уч-тўртта эскадрон тузмоқчи. Ҳозирда Украинада Россия самолётларини тўхтатадиган воситалар етарли эмас.
"Ҳамма тушуниб турибдики, мавзу муҳокамага тайёр. Ҳеч ким бунинг иложи йўқ, деб айтмайди. Уч ой олдин биз танклар олишга ҳаракат қилаётган бўлсак, бугун ҳамма қирувчи самолётлар коалицияси ҳақида гапирмоқда – бу жуда истиқболли белги. Tушунамизки, ҳаво ҳужумидан мудофаамиз F-16 қирувчи самолётларисиз тўлиқ бўлмайди”, деган Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси.
Шунингдек, Сак Президент Владимир Зеленскийнинг қирувчи самолётлар масаласи Хиросимадаги G7 саммитида, шунингдек, июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида асосий масала бўлишини исташини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Зеленский Европа бўйлаб сафари чоғида Ғарб етакчиларидан бу масала яқин кунларда муҳокама қилинишига кафолат олган. Сакнинг қўшимча қилишича, Буюк Британия, Италия, Франция ва Германия Киевга таклиф қиладиган F-16 самолётларига эга бўлмасада, улар АҚШ ва Туркияни бунга чақиришлари мумкин.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса АҚШ Украинага F-16 қирувчи-бомбардимончи самолётларини етказиб бермаслик ҳақидаги қарорини ҳали ўзгартирмаганини айтган.
Ўз навбатида, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба баъзи европалик мавқедошлари Киевни Америка F-16 қирувчи самолётлари билан таъминлаш масаласини кўриб чиққанини таъкидлаган. Бироқ, Ғарб ҳарбий авиацияни Киевга ўтказиш ғоясини камдан-кам изоҳламоқда ва Украина расмийларининг ўзлари бу тез содир бўлмаслигини тан олмоқда.
LiveБарчаси