Украина элчиси русларни қириш ҳақидаги гаплари учун Қозоғистон ТИВга чақирилди

Олам

image

Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский блогер Диас Кузаировга берган интервьюсидаги баёнотларидан сўнг кеча, 23 август куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Дипломат суҳбатда Украинанинг мақсади имкон қадар кўпроқ русларни ўлдириш эканини айтганди.

“Қозоғистон томони бундай баёнотларнинг қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва хорижий давлат элчиси фаолиятига мос келмаслиги юзасидан ўз позициясини билдирди. Бундай ҳаракатлар давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга зарар келтирмаслиги керак”, дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.

Ижтимоий тармоқларда Врублевскийнинг интервьюсидан бир парча акс этган видео кенг тарқалди. Унга кўра, Украина “имкон қадар кўпроқ русларни ўлдирмоқчи”.

“Биз ҳозир русларни қанчалик кўп ўлдирсак, бизнинг болаларимиз уларни камроқ ўлдиришига тўғри келади”, дгани дипломат унда. 

Республика Президенти ҳузуридаги маслаҳат органи бўлган Қозоғистон Халқи ассамблеяси элчининг баёнотини қоралади.

“Тинчлик ва ҳамжиҳатлик давлат сиёсати ва жамиятни мустаҳкамлашнинг асосий тамойиллари бўлган мамлакатимизда бундай баёнотлар кимдан бўлишидан қатъи назар, қабул қилиб бўлмайдиган ва номақбулдир”, дея эътироз билдирган Ассамблея.

22 август куни Россия Тергов қўмитаси сайтида бошқарма раиси Александр Бастрикин бошқарма марказий аппаратига Врублевскийнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо беришни топширгани ҳақида хабар эълон қилинди.

Айни пайтда, бир неча кун аввал Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Ульянов Австрия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган эди. Бунга унинг Twitter’даги шов-шувли баёноти сабаб бўлган.

“Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ”, деб ёзган россиялик дипломат твитида.

Ульянов геноцидга чақираётгани ҳақидаги танқид ва айбловларга жавобан ғазабланди ва ўз қадамини фақат Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг АҚШга ҳарбий ёрдам учун миннатдорлик билдирганига жавобан айтганини иддао қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг