Украина бўйлаб “тревога” сигнали берилди
Олам
−
17 Октябрь 2022
11892Россия ҳарбийлари Украина бўйлаб зарба бераётгани фонида мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
РФ Қуролли Кучларининг ҳужуми оқибатида Киевда эрта тонгда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда бугун, 17 октябрь куни Украина пойтахти мэри Виталий Кличко ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Шевченко туманида – пойтахт марказида портлаш юз берди. Барча хизматлар воқеа жойига йўл олди. Тафсилотлар кейинроқ. Ҳаво ҳужуми давом этмоқда. Бошпанада қолинг!”, деб ёзган Кличко.
Биринчи постидан олти дақиқа ўтгач, у Шевченко туманида яна бир портлаш бўлгани ҳақида хабар берди.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Алексей Кулеба киевликларни ҳаво огоҳлантиришларини ҳисобга олишга чақирди. Шунингдек, Суми вилояти маъмурияти ҳам муҳим инфратузилма объектларига ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берган.
Ҳужум ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Шунингдек, қурбонлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Россия 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди.
Ҳужумлар оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, 60 га яқин одам жароҳатланди. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирска кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган.
LiveБарчаси