Украина бир неча ой ичида ядровий бомба яратиши мумкин – “The Times”
Олам
−
14 Ноябрь
5125Агар АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатса, Украина бир неча ой ичида содда ядровий бомба яратиши мумкин. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, бу бўйича маълумотлар Украина Мудофаа вазирлиги учун мамлакат Миллий стратегик тадқиқотлар институти бўлими бошлиғи Алексей Ижак томонидан тайёрланган ҳужжатда келтирилган. Унда қайд этилишича, Украина 1945 йилнинг 9 августида АҚШ томонидан Япониянинг Нагасаки шаҳрига ташланган “Fat Man” бомбасига ўхшаш технологиядан фойдаланиб, плутоний асосидаги ядровий қуролни тезда ишлаб чиқиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Украина ядро ёқилғисини бойитиш учун йирик заводларни қуриш ва ишлатиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли ядро қуролини яратиш учун АЭСда фойдаланилган ёқилғидан олинган плутонийдан фойдаланилиши мумкин. Украина ихтиёрида тахминан 7 тонна плутоний мавжудлиги айтилмоқда, бу эса бир неча килотонли юзлаб тактик каллаклар яратиш учун етарли.
Ҳисоботга кўра, Украина яратиши мумкин бўлган ядро бомбаси “Fat Man” бомбаси кучининг ўндан бир қисмини ташкил этади. Бу эса Россиянинг ҳарбий базасини ёки ҳарбий, саноат ва логистик объектни йўқ қилиш учун етарли бўлади. Лекин ядро зарядининг аниқ қувватини тахмин қилиш қийин, чунки унда ишлатиладиган плутонийнинг изотоплари ҳар хил бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Украинага Россия билан ҳарбий низони ҳудудларни қайтармасдан музлатишни ва НАТОга камида 20 йилгача қўшилишдан воз кечишни таклиф қилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
LiveБарчаси