Украина билан музокаралар Лукашенко туфайли бошланган – Путин
Олам
−
12 Апрель 2022
9172Украина билан мулоқотларнинг жонланишида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко саъй-ҳаракатларининг ўрни катта. Бу ҳақда бугун, 12 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Лукашенко билан бўлган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Беларуслик ҳамкасбларга ўз ҳудудида бир неча музокаралар раундларини яхши ташкил этгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Украина томони билан тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаш Беларусь Президентининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли бўлди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко бугун, 12 апрель куни амалий ташриф билан Россияга борди. Кун давомида у Путин билан бирга Амур вилоятидаги “Восточний” космодроми қурилиши билан танишди. Эртага, 13 апрель куни Лукашенко Владивостокда Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан учрашишни режалаштирган.
Аввалроқ, Александр Лукашенко Беларусь иштирокисиз Россия-Украина ўртасида музокаралар олиб борилиши мумкин эмаслигини айтган эди.
“Беларусь иштирокисиз музокаралар олиб борилмайди. Музокараларга Ғарб давлатлари жалб қилгани учун, албатта, Беларуснинг позицияси ҳам билдирилиши керак”, деган у.
Маълумот учун, Беларусда Россия-Украина делегациялари ўртасида уч марта юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди, унда томонлар тинч аҳолини жанговар зоналардан эвакуация қилиш учун гуманитар йўлакларни очишга келишиб олди. Яна бир учрашув Истанбулда бўлиб ўтди. У ерда Украина делегацияси Россияга тинчлик шартномаси бўйича ёзма таклифларни топширди ва Россия Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаолликни камайтиришга рози бўлди.
LiveБарчаси