Украина “Азовсталь”даги аскарларининг бир қисмини қутқарди
Олам
−
17 Май 2022
13109Украина Бош штаби Мариуполдаги Россия томонидан қамал қилинган “Азовсталь” заводидан 264 нафар аскар эвакуация қилингани, улардан 53 нафари оғир яраланганлар экани ҳақида хабар берди.
Украина Бош штабининг хабарида айтилишича, Мариуполдаги гарнизон ўз жанговар топшириғини бажарган ва олий ҳарбий қўмондонлик “Азовсталь” металлургия заводидаги ҳарбий қисмлар командирларига шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида буйруқ берган.
Баёнотда таъкидланишича, завод ҳудудида рус аскарлари қуршовида қолган ҳарбий хизматчиларни қутқариш бўйича операция давом этмоқда.
“53 нафар оғир яраланган аскарни эвакуация қилиш бошланди, улар Новоазовск госпиталига етказилди. Қолган 211 нафар ҳарбий хизматчи алмашиш ва Украина армияси назорати остидаги ҳудудга ўтказиш учун Оленевкага эвакуация қилинди”, дейилади хабарда.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг таъкидлашича, “Азовсталь”да қолган ҳарбийларни қутқариш ишлари давом этмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский аҳолига видеомурожаатида “Азовсталь”дан ҳарбийларнинг эвакуация қилиниши ҳақида баёнот берди.
Зеленский Украина армияси, разведкаси, музокара гуруҳи, БМТ ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти туфайли “Азовсталь”даги аскарлар ҳаётини сақлаб қолишга умид борлигини билдирган.
Сўзи якунида Зеленский: “Украина қаҳрамонлари бизга тирик керак. Бу бизнинг принципимиз”, деган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь