Украина АҚШга Россия билан қисман сулҳ режасини таклиф қилади – FT
Олам
−
10 Март 2025 10088 1 дақиқа
Украина эртага, 11 март куни Саудия Арабистонида ўтадиган музокараларда АҚШни ҳарбий ва разведка ёрдамларини тиклашга ишонтиришга ҳаракат қилади. Бунинг учун Киев Россия билан қисман ўт очишни тўхтатиш вариантини таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Манбаларга кўра, Киевнинг ушбу таклифи дронлар ва узоқ масофали ракеталар билан ҳужум қилишни тақиқлаш ҳамда Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ўз ичига олади. Украина томони мавжуд можарони тартибга солиш бўйича музокаралардаги ижобий силжиш Вашингтонни разведка маълумотлари алмашинувини тиклаш ва қурол етказиб бериш бўйича чекловларни бекор қилишга мажбур қилади, деб ҳисобламоқда. Украина расмийларидан бири қисқа муддатли истиқболда Вашингтон билан алоқаларни яхшилаш асосий мақсад эканини таъкидлаган.
Икки нафар европалик мулозимнинг фикрича, Киев ўт очишни қисман тўхтатиш бўйича музокараларни “хизматга хизмат” тамойили сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги учрашув тортишув билан якунланганди. Кейинчалик Трамп Зеленскийнинг тинчликка интилмаётганини айтиб ўтган. Март ойининг бошида эса Оқ уй Украинага ҳарбий ва разведка ёрдамини вақтинча тўхтатганди.
Live
Барчаси