Украина АҚШдан ҳарбий ёрдам олиш бўйича етакчи давлатга айланди 

Олам 3903
image

Украина АҚШдан энг кўп ҳарбий ёрдам олган давлатга айланди ва бу кўрсаткич бўйича Исроил ва Мисрни ортда қолдирди. Бу ҳақда “The Washington Post” ёзмоқда.  

Нашрнинг ёзишича, АҚШ 2014 йилдан 2021 йилгача Киевга 2,7 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам юборган. Шу билан бирга, Россия ҳужуми бошланганидан буён ушбу ёрдам ҳажми 3,8 миллиард долларни ташкил этган. 

Таъкидланишича, кўриб чиқилаётган 40,1 миллиард долларлик янги пакет мудофаа учун тахминан 20 миллиард долларни ўз ичига олади. Нашр бу рақамларни АҚШда 1 октябрда бошланадиган 2020 молия йили учун олинган маълумотлар билан солиштирган. 

Ўша йили 3,3 миллиард долларлик ёрдам олган Исроил АҚШдан энг кўп ҳарбий кўмак олган давлатга айланган. Миср 1,3 миллиард доллар билан иккинчи, Иордания эса 0,51 миллиард доллар билан учинчи ўринда бўлган. 

Жорий йилнинг 24 февралида бошланган Россиянинг Украинага ҳужуми фонида Вашингтон ва НАТО бўйича иттифоқчилар Украинага қурол-яроғ етказиб беришда давом этмоқда. Апрель ойи охирида АҚШ Президенти Жо Байден Киевни қўллаб-қувватлаш учун Конгрессдан 33 миллиард доллар сўраган, бироқ қонун чиқарувчи орган кейинчалик бу миқдорни деярли 40 миллиард долларгача оширган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×