Украина ҳозирги таклифни рад этса, кейингиси жуда оғир бўлади – Наришкин

Олам

image

Агар Киев Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифини рад этса, Россия Украина билан тинчлик музокараларини бошлаш учун янада қаттиқроқ шартларни илгари суради. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ТАСС агентлигига берган таҳдидли интервьюсида маълум қилди.

“Тинчликка эришиш ва қандайдир тинчлик битими имзоланиши мумкин бўлган кейинги шартлар Украина учун мураккаброқ ва қаттиқроқ бўлади”, деди Наришкин агентликка берган интервьюсида.

Путин Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш шартларини 14 июнь куни Россия ТИВнинг кенгайтирилган доирадаги йиғилиши чоғида маълум қилди. Унга кўра, агар Киев Россия армияси томонидан босиб олинган тўртта ҳудуд (Донецк, Луганск, Херсон ва Запарожье)дан ўз қўшинларини олиб чиқиб, НАТОга қўшилиш режасидан воз кечганини эълон қилса, Россия Украинада ўт очишни тўхтатишга тайёр.

Шунингдек, бу ультиматум кўринишидаги “тинчлик таклифи”га кўра, Ғарб ҳам Россияга қарши санкцияларни бекор қилиши керак. Путиннинг таъкидлашича, бу “ҳақиқий тинчлик таклифи” бўлиб, у урушни тугатиш ва босқичма-босқич Украина билан “яхши қўшничилик муносабатларини” тиклаш учун дастлабки қадамдир.

Бундан ташқари, Россия Президенти Киев билан ҳудудий муросага тайёр эмаслигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг босиб олинган вилоятлари Россия таркибига кириши масаласи “абадий ёпилган”.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса бу таклифни ультиматум деб атади ва Путиннинг сўзларига ишонмасликка чақирди. Зеленский идораси раҳбари Андрей Ермакнинг таъкидлашича, Киев ўз шериклари билан келишганидан кейин Москвага урушни тугатиш режасини тақдим этади ва шунда давлатлар музокараларни бошлаши мумкин. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига оид ҳеч қандай муроса бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15-16 июнь кунлари Швейцарияда ўтказилган тинчлик саммитида Путиннинг сўнгги ультиматуми ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаганини айтганди. Кулебанинг наздида Путиннинг таклифи шунчаки саммит арафасида ўзига хос PR тўлқинини яратиш учун ишлаб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг