Украинада фавқулодда ҳолат жорий этиш бўйича қарор қабул қилинди
Олам
−
23 Февраль 2022
11326Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бугун, 23 февраль уни бўлиб ўтган йиғилишда бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бироқ якуний қарор Олий Рада томонидан 48 соат ичида тасдиқланиши керак. Бу ҳақда Кенгаш котиби Алексей Данилов хабар берган.
“Биз Донецк ва Луганск вилоятларидан ташқари бутун Украина бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этиш масаласини муҳокама қилдик”, дейди у учрашув якунлари бўйича брифингда.
Қайд этилишича, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг [фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида] қарори қабул қилинган. Ҳужжат Олий Рада томонидан 48 соат ичида қўллаб-қувватланишини кутилмоқда.
Мазкур қарор Донецк ва Луганск вилоятларига дахлдор эмас, чунки уларда 2014 йилдан буён алоҳида ҳуқуқий режим мавжуд.
Хавфсизлик кенгаши котибининг фикрича, фавқулодда ҳолат фуқаролар ҳаётига тубдан таъсир кўрсатмайди. Унинг тахминига кўра, марказий ва маҳаллий ҳокимият вакилларидан иборат ҳудудий комиссиялар вазиятга қараб муайян чекловлар бўйича қарорлар қабул қилади. Котибнинг аниқлик киритишича, бу жамоат тартибини муҳофаза қилиш, транспорт ҳаракатини чеклаш, транспорт воситалари ва фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш бўйича кучайтирилган режим бўлиши мумкин.
“Бу профилактика бўлиб, мамлакатда тинчликни таъминлаш, иқтисодиётни тўхтатиб қўймаслик учун амалга оширилмоқда”, деб тушунтирди у.
Қолаверса, Украинада комендантлик соати ҳам жорий қилини мумкин.
"Агар зарурат туғилса, ҳудудларда комендантлик соати жорий этилиши мумкин. Бу маҳаллий штаб қарори билан бўлади", дейди Данилов.
Фавқулодда ҳолат амалдаги қонунчиликка мувофиқ 30 кун давом этади. Шу билан бирга, Президент уни яна бир ойга узайтириш ҳуқуқига эга.
"Икки ҳолатда ҳам қарор Олий Рада томонидан маъқулланиши керак", дейди Данилов.
Ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик тўғрисида
Хавфсизлик кенгаши котиби Украина ўз ҳудудига бостириб кирилган тақдирда ҳарбий ҳолат жорий этишини айтди.
“Бизга доимо босқинчилик таҳдиди қилинмоқда, бироқ биз Россия Федерацияси билан чегараларимизда, машғулотлар ўтаётган Беларусда содир бўлаётган барча жараёнлардан аниқ хабардормиз”, дейди у.
Даниловга кўра, мамлаката бостириб кирилган тақдирда дарҳол ҳарбий ҳолат жорий этилади. Шунингдек, пойтахтга эҳтимолий ҳужум содир этилса, Украина ҳарбийлари жавоб қайтаришга ҳам тайёр.
“Киевга ҳужум қилинган тақдирда, дарҳол жавоб қайтарилади. Биз Россия Федерациясидан келадиган хавфларни тушунамиз. Биз қўшинларимиз жавоб қайтаришга тайёр эканлигини аниқ тушунамиз. Қайси шаҳарга ҳужум қилиниши муҳим эмас”, дейди Данилов.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бугун Украина кун тартибида сафарбарлик тўғрисида қарор қабул қилиш режаси йўқ. Агар керак бўлса, қабул қилинади.
“Ҳозирча Президент фармонига мувофиқ, резервдагилар ҳарбий хизматга чақирилмоқда. Бугун уларнинг сони 36 000 нафарни ташкил этади”, дейди Данилов.
LiveБарчаси