Ўқувчилар мактабни чуқур билимга эга бўлмай битиряпти. Сабаб нима?
Жамият
−
28 Август 2023
5626Ўзбекистонда ўқувчилар аниқ бир йўналишда чуқур билимга эга бўлмай мактабни битирмоқда. Бунинг сабаби эса ҳозирда бошланғич синфларда 11 та, юқори синфларда 16 та фан ўтилаётганидир. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.
Президент мажлисни ўқитувчиларни мақташдан бошлаб, сўнг соҳада мавжуд муаммоларни таҳлил қилди.
Жумладан, ҳозирда бошланғич синфларда 11 та, юқори синфларда 16 та фан ўтилаётгани билан ўқувчилар аниқ бир йўналишда чуқур билимга эга бўлмай мактабни битираётгани қайд этилган.
“107 та тумандан талаба бўлганлар олийгоҳга кириш имтиҳонларида математика бўйича максимал баллнинг ярмини ҳам йиға олмаган. Физика, кимё ва биология бўйича ҳам бирорта туман ва шаҳарда мақтагулик натижа йўқ”, дейди Президент.
Маълум қилинишича, ўтган йили 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган. Айниқса, ҳозирда талаб юқори бўлган информатика, физика, инглиз тили, математика ва кимё фани ўқитувчиларининг билими “қониқарсиз” эканлиги аниқланган.
Ёки, 51 минг нафар чет тили ўқитувчиларидан атиги 17 минг нафари (33 фоизи) “C-1” даражасига эга. Ваҳоланки, 2025 йилдан бошлаб чет тилидан фақат “С-1” даражаси бор ўқитувчилар дарс ўтиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда жами абитуриентларнинг салкам ярми (49,4 фоиз) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентларнинг 70,5 фоизи аввалги йилларда ўқишни тугатган бўлса, қолган 29,5 фоизи жорий йилги битирувчилар ҳисобланади.
LiveБарчаси