Ўқувчи қизларни заҳарлаганлар ўлдирилади – Эрон олий раҳбари
Олам
−
06 Март 2023
12352Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий бугун, 6 март куни мактабларга қилинган ҳужумлар тўлқинидан жамоатчиликнинг ғазаби ортиши фонида ўқувчи қизларни заҳарлаш “кечирилмас” жиноят эканини ва агар бу қасддан қилинган бўлса, ўлим билан жазоланиши кераклигини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Ҳокимият ўқувчиларнинг заҳарланиши билан боғлиқ масала билан жиддий шуғулланиши керак. Агар бу қасддан содир этилганлиги исботланса, бу кечирилмас жиноятни содир этганлар ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак”, деган Оятуллоҳ Али Ҳоманаий давлат телеканалидаги чиқишида.
Қайд этилишича, ноябрь ойидан бери 1000 дан ортиқ қиз заҳарланган. Мактаблардаги бундай ҳолатлар Қум шаҳрида бошланган ва Эроннинг 31 вилоятидан 25 тасига тарқалиб кетган, айрим ота-оналар болаларни мактабдан олиб чиқиб, норозилик билдирган. Баъзи сиёсатчилар эса бу ҳолатда қизларнинг таълим олишига қарши бўлган диний гуруҳларни айблаган.
Таъкидлаш жоизки, Эронда бундай ҳолат 2014 йилда ҳам содир бўлган. Ўшанда исломий кийиниш қоидаларини бузган аёлларни қўрқитиш учун кислотали ҳужумлар уюштирилган. Бундан норози халқ эса Исфахонда кўчага чиққан. 2022 йил сентябрда Маҳса Амини ўлимидан сўнг бутун мамлакатни қамраб олган норозилик намойишларидан кейин мактабларда газдан заҳарланиш ҳолати кузатилгани вазиятни янада чигаллаштирган.
“Энди Эрон қизлари мажбурий ҳижобга қарши курашганликлари учун ҳақ тўлаяпти ва руҳонийлар томонидан заҳарланяпти”, деб ёзган Нью-Йоркда истиқомат қилувчи етакчи эронлик активист Масиҳ Алинажот ўз Twitter’ида.
Расмийлар эса намойишлар яна авж олиб кетишидан ҳадиксираб, заҳарланиш ҳолатлариз камайганини айтмоқда. Шунингдек, улар бу ҳужумлардан давлат душманлари диний идорага путур етказиш мақсадида фойдаланганини таъкидламоқда. Суд тергови эса ҳамон давом этмоқда, аммо хулосалар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Давлат матбуотида Боружерд шаҳрида камида битта ўғил болалар мактаби ҳам нишонга олингани айтилган.
LiveБарчаси