Ўқув йили 25 майда якунланадими? ХТВ вакили жавоб берди

Жамият 19766
image

Ўзбекистонга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ортидан мамлакатда карантин эълон қилинди. Шу сабабдан мактабларда таътил эълон қилинди. Ушбу кутилмаган ва одатдагидан узоқроқ давом этаётган таътил ўқув йилининг тугашига таъсир кўрсатмайдими? Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби Анвар Умаров брифинг вақтида ушбу саволга жавоб берди.

“Амалдаги тартибга (Вазирлар Махкамасининг 15.03.2017й 140-сонли қарори) кўра, ўқув йили 25 майда якунланади. 26 майдан 15 июнга қадар 9-11-синфларда битирув имтиҳонлари ўтказилади.

Республика Махсус комиссияси қарори билан 16 мартдан бошлаб таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинган. Албатта, таътилнинг давомийлиги тиббий профилактика (карантин) жараёнларининг давом этишига боғлиқ. 

Республика Махсус комиссияси қарорига асосан таътилнинг давомийлигига қараб ўқув жараёнларини давом этиши ёки этмаслиги ҳақида ўқувчилар ва ота-оналар хабардор қилинади. 

Таътил вақтида белгиланган ўқув дастурлардаги билимлар телевизион дарслар орқали ўқувчиларга етказилади. Бу дарсларни фақат ўқувчилар эмас, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари, барча педагоглар ҳам кузатиб бориши лозим бўлади”, деди Анвар Умаров.

Вазирлик вакили дарслар бошлангандан кейин тўхтатилган дарслар қандай режа асосида бошланишига ҳам аниқлик киритди.

“Дарслар тўхтатилган кун, яъни 16 мартдан 20 мартга қадар ўқув йилининг 3 чорак якунига тўғри келганлиги сабабли, бу даврда ўқув дастурига асосан аксарият мавзулар такрорлаш ёки ўтилган мавзуларни мустаҳкамлашга қаратилган. 

Шу боис карантин режими тугатилиб, дарслар бошлангандан кейин айнан тўхтатилган мавзудан бошлашга эҳтиёж қолмайди. Чунки ўқувчилар учун тайёрланаётган телевизион дарслар орқали ана шу бўшлиқ тўлдириб кетилмоқда.

Телевизион дарслар ўқув йилининг 4-чорагига режалаштирилган мавзулари асосида тайёрланмоқда. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўқувчилар телевизион дарслар орқали ўзлаштира олмаган билимлар ўқув жараёнлари бошланган вақтда албатта фан ўқитувчилари ёрдамида мустаҳкамланади”, деди Анвар Умаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 55 нафарга етди. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 494
Рейтинг: 2.9
t
×