Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган директор катта жарима тўлади
Жамият
−
02 Июнь 2020
6848Адлия бошқармаси, Бўка туман Адлия бўлими ва халқ таълими бўлими ходимлари ва Бўка тумани Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори С.Ш.Файзиев томонидан 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари мактаб директори томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги аниқланган. Натижада, мактаб директорига 11 150 000 сўм миқдорида жарима солинган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2020 йил 31 май куни ижтимоий тармоқ орқали Тошкент вилояти, Бўка тумани Халқ таълим бошқармасига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари мактаб директори томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги, ўқитувчиларни мажбуран уйидан судрагандек олиб келишаётганлиги юзасидан тарқалган хабарга асосан ходимлар томонидан юл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида Адлия бошқармаси, Бўка туман Адлия бўлими ва халқ таълими бўлими ходимлари ва Бўка тумани Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори С.Ш.Файзиев томонидан 2020 йил 01 июнь куни ўрганиш ўтказилди.
Мазкур тарқалган хабар юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида Бўка тумани 3-умумий урта таълим мактаби директори Суннатиллаев Аҳмаджон томонидан 2020 йил 29 апрель куни мактаб ўқитувчи ходимларини маъмурий тарзда меҳнатга жалб қилган ҳолати аниқланган. Ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги ҳолати юзасидан мактаб ўқитувчиларидан тушунтириш хатлари олинганида мурожаат важлари ўз тасдиғини топганлиги маълум бўлди.
Бу билан Бўка тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май 349-сон "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-модда талабларига риоя қилмаганлиги ҳолати аниқланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Бўка тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби директори Аҳмаджон Суннатиллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51- моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 (эллик бараварича) баробари, яъни 11 150 000 (ўн бир миллион бир юз эллик минг) сўм миқдорида жарима таъсир чораси қўлланилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь