Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганларга жарима миқдори оширилиши мумкин

Жамият

image

Таълим муассасасининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори оширилиши мумкин. Мазкур норма акс этган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугун, 10 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан тасдиқланди.

Унга кўра, педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилганларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини назарда тутувчи нормани киритиш назарда тутилмоқда.

"Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —  фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинишга олиб келиши мумкин", дейилган Қонунчилик палатаси хабарида.

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарликка нисбатан белгиланган жарималар миқдори фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорни ташкил этади.

“Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —  фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин”, таъкидланади қонун лойиҳасида.

Амалдаги қонунчиликка кўра эса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жазо чораси амалдаги қонунчиликда мавжуд эмас.

Шунингдек, Жиноят Кодесига ҳам таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишини мустаҳкамловчи янги норма қўшиш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилишини қоралагани ҳақида хабар қилган эдик.
 


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ўқитувчи жарима мажбурий меҳнат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг