Угандада исёнчилар мактабга ҳужум қилиб, 38 нафар ўқувчини ўлдирди
Олам
−
17 Июнь 2023
7444Шарқий Африканинг Уганда мамлакатида исёнчилар мактабга ҳужум қилиб, 41 кишини ўлдирди. Бу ҳақда “NBC News” хабар берди.
Қайд этилишича, Иттифоқчи демократик кучлар исёнчилари Мпондве шаҳридаги мактаблардан бирига ҳужум қилиб, ўқувчиларни ёқиб юбориш, отиб ташлаш ва ўлдиришда гумон қилинмоқда.
Бу бўйича Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот бериб, мактабга қилинган террорчилик ҳужумини қоралаган.
Расмийлар мамлакат ғарбида Конго Демократик Республикаси билан чегарадош Мпондве шаҳрида жойлашган мактабда Иттифоқчи демократик кучлар томонидан қилинган ҳужумдан сўнг 41 киши, шу жумладан, 38 нафар ўқувчининг жасадини топган. Исёнчи кучлар ўқувчиларнинг ётоқхонасини ёқиб юборгани оқибатида баъзи болалар куйишдан ҳалок бўлган. Бундан ташқари, яна саккиз киши жароҳатланган.
Уганда ҳарбийларининг маълумот беришича, 16 июнь куни содир бўлган ҳужумни тахминан беш киши амалга оширган.
Воқеа жойига етиб келган аскарлар ёнғин бўлаётганини пайқаган, шунингдек, бир қанча жасадларни топган. Берилган баёнотларда айтилишича, мамлакат қўшинлари айни пайтда ўғирланган ўқувчиларни қутқариш учун жиноятчиларни таъқиб қиляпти.
Маълумот учун, мактабга қилинган ҳужумни амалга оширишда гумон қилинаётган Иттифоқчи демократик кучлар ҳаракати 1990 йиллар бошида Уганданинг бир қатор мусулмон аҳолиси томонидан ташкил этилган бўлиб, уларнинг исёнчилик ҳаракатлари асосан 1986 йилдан буён ҳокимиятда бўлган мамлакат Президенти Йовери Кагута Мусевенига қарши қаратилган. Мазкур гуруҳ бугунга қадар мамлакат қишлоқларига ҳам пойтахт Кампалага ҳам бир неча бор шундай ҳужумларни уюштирган. Жумладан, улар шу йилнинг март ойида қўшни давлат Конго Демократик Республикасида камида 19 кишини ўлдирган. Уганда Қуролли кучлари 2021 йилда КДРдаги исёнчи гуруҳга бир қатор ҳаво ва артиллерия зарбалари берган эди. Иттифоқчи демократик кучларнинг “Исломий давлат” террорчилик ташкилоти ҳам борлиги айтилади.
LiveБарчаси