UFC Таиландда қўлга олинган спортчининг жангини бекор қилди
Спорт
−
13 Сентябрь 2023
2750Аввалроқ россиялик аралаш яккакураш (ММА) устаси, Ultimate Fighting Championship (UFC) ташкилоти аъзоси ҳисобланган Ҳусайн Асхабов Таиландда қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур хабарлар фонида ташкилот спортчининг 7 октябрга белгиланган жангини бекор қилди. Бу ҳақда UFC матбот хизмати маълум қилди.
“UFC яқинда ҳибсга олинган ва Ҳусайн Асхабов ҳақидаги даъволардан хабардор. Ташкилот воқеа билан боғлиқ қўшимча маълумотларни тўплашни давом эттиради. UFC спортчига у билан боғлиқ ҳар қандай қўшимча баёнот эълон қилишдан олдин суд жараёнининг якунланишига қадар имкон беради. Аммо унинг 7 октябрь куни режалаштирилган жанги бекор қилинди”, дейилади лига баёнотида.
Гап шундаки, спортчи бошчилигидаги гуруҳ Италия фуқаросининг Таиланддаги вилласига бостириб кириш, уни боғлаб калтаклаш ва 338 минг доллардан ортиқ мол-мулкини ўғирлашда айбланмоқда.
Маълумот учун, 28 ёшли Асхабов Чеченистонда туғилган. У мусобақаларда Франция номидан иштирок этади. Спортчи Таиландда машғулот олиб бораётганди. Унинг ММА'да 23 та ғалаба ва 1 та мағлубияти бор. 7 октябрь куни Асхабов Лас-Вегасдаги UFC турнирида америкалик Дениел Пинеда билан жанг қилиши керак эди.