UEFA ўйин вақтида мухлисни калтаклаган стюардларнинг ҳаракатини қоралади (видео)
Спорт
−
03 Июль
4669Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) Европа чемпионатининг Португалия ва Словения терма жамоалари ўртасидаги ўйинда мухлисни калтаклаган стюардларнинг ҳаракатини қоралайди ва мазкур ҳолатга нисбатан чора кўради. Бу ҳақда UEFA матбуот хизмати хабар берди.
“UEFA Португалия - Словения ўйинида стюардлар ва мухлис ўртасида содир бўлган воқеадан хабардор ва ҳар қандай зўравонлик хатти-ҳаракатларини ташкилотимиз қоралайди. Видеода кўрсатилган воқеа ҳозирда полиция томонидан текширилмоқда. UEFA терговгача қўшимча изоҳ бера олмайди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқлада Португалия-Словения учрашувида стюардлар мухлисни калтаклагани акс этган видео тарқалган. Воқеа биринчи қўшимча бўлим охирида Словения терма жамоаси дарвозасига белгиланган пенальтидан сўнг, португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдунинг муваффақиятсиз пенальтисидан кейин содир бўлган. Кейинчалик Франкурт-Майн полицияси эпизод бўйича тергов бошланганини эълон қилди.
Маълумот учун, Португалия ва Словения терма жамоалари ўртасидаги 1/8 финал учрашувининг асосий ва қўшимча вақтида гол урилмади. Пенальтилар церийасида эса португаллар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Чорак финалда Португалия терма жамоаси Франция термасига қарши баҳс олиб боради. Ўйин 5 июль куни Гамбургда бўлиб ўтади.